Икки дўстнинг ўзаро жанжали вақтида пичоқ билан етказилган жароҳат сабаб улардан бири вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
2019 йилнинг 13 ноябр куни тахминан соат 02:00 да фуқаро 24-ёшли А.И. дўсти 19-ёшли Х.Г. билан Андижон вилояти Асака тумани Хонақа маҳалласи Қашқар кўчасида ўзаро жанжаллашиб, ёнидаги пичоқ билан Х.Г.нинг баданига бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.
Фуқаро Х.Г. олган тан жароҳати оқибатида тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан шифохонада вафот этган.
Тергов тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида қон доғлари ва Х.Г.нинг кийимлари ҳамда бир дона пичоқ ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилнинг 13 ноябр куни Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (одам ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И. процессуал тартибда ушланган ҳамда ҳолат юзасидан гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
15.11.2019 10:30
Асакада икки дўстнинг пичоқбозлиги бирининг ўлим билан якунланди
