Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биносида Тошкент вилоятининг экспорт ва инвестиция прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, уй-жойлари бузилиши муносабати билан компенсация тўловларининг тўланиши аҳволи, вилоятда хатлов натижасида аниқланган бўш бинолар ва ерга оид қонунбузилишлар бўйича танқидий руҳда йиғилиш ўтказилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт ШАМСУТДИНОВ "darakchi.uz"га хабар қилди...
40,6 МЛН ДОЛЛАР МИҚДОРИДА МУДДАТИ ЎТГАН ДЕБИТОР ҚАРЗДОРЛИГИ ЮЗАГА КЕЛГАН
Йиғилишда, экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссия аъзолари ҳамда Тошкент вилоят хокими Р.Холматов ҳамда туман-шаҳар хокимлари қатнашди.
Йиғилишда, вилоятда экспорт прогноз режасини бажарилиши аҳволи қониқарсиз ҳолатда эканлиги, бу борада ишларни жадаллаштириш ҳамда тегишли чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, 2019 йил январь-ноябрь ойларида ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 245,3 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз (349 млн. доллар) ижроси – 70 фоизни ташкил этди.
Ўртачирчиқ,Оҳангарон, Чиноз, Тошкент, Оққўрғон,Юқоричирчиқ, Бекобод туманлари ҳамда Янгийўл ва Олмалиқ шаҳарларида прогноз ижроси 60 фоизга ҳам етмаган. Шу билан бирга, 2019 йил 1 декбарь ҳолатига вилоят тасарруфидаги 109 та корхоналарнинг экспорт шартномалари бўйича 40,6 млн доллар миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлиги юзага келган.
2 054 ТА ОБЪЕКТЛАРНИ ИШГА ТУШИРИШ БЎЙИЧА ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚИЛМАГАН
Бундан ташқари, йиғилишда вилоятда уй-жойлари бузилиши муносабати билан компенсация тўловлари тўланиш аҳволи қониқарсиз аҳволда эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, вилоятда ўтказилган хатловларда 4 801 та бўш объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари аниқланганлиги, 869 та давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган объектлардан самарали фойдаланилишига эришилмаганлиги, 1 948 та бўш турган объектнинг кадастр ҳужжати мавжуд эмаслиги, 2 054 та объектларни ишга тушириш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмаганлиги, инвестиция лойиҳасини амалга оширмаган 996 та мулкдорга нисбатан таъсирчан солиқ чоралари қўлланилмаганлиги эътироф этилди.
733 842 ТА КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИДАН 142 329 ТАСИДА ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТ МАВЖУД ЭМАС
Йиғилишда, Тошкент вилоятида ерга оид бўлган қонун бузилишлар ҳолатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, 8 955 таҳолатда 1 121 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллангани, 3502 та ҳолатда 321 гектар майдонга ноқонуний қурилиш қилингани, 25 та ҳолатда 58 гектар ер майдони ноқонуний ажратилганлиги, 38 та ҳолатда 199 гектар ер майдонидан самарасиз фойдаланилганлиги, жами 733 842 та кўчмас мулк объектларидан 142 329 таси ёки 19 фоизида ҳуқуқий ҳужжати мавжуд эмаслиги баён қилинди.
Мажлисда Янгийўл ва Олмалиқ шаҳар, Бекобод ҳамда Янгийўл тумани хокимларининг кун тартибидаги масалалар бўйича изоҳ ва тушунтиришлари эшитилди.
Мажлис якуни бўйича экспорт прогноз режасини амалда бажарилишини таъминлаш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кескин ошириш, компенсация тўловларини ўз вақтида белгиланган тартибда тўлаш чораларини кўриш бўйича аниқ тегишли чора-тадбирлар белгиланди.