АсосийЖАМИЯТ

Пенсия ҳисоб-китобида кутилаётган янги ўзгаришлар маълум қилинди

Президентимиз раислигида 21 ноябрь куни бўлиб ўтган аҳолини ижтимоий м...

'Пенсия ҳисоб-китобида кутилаётган янги ўзгаришлар маълум қилинди'ning rasmi

Президентимиз раислигида 21 ноябрь куни бўлиб ўтган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ютуқлар қатори, тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётгани ҳақида ҳам сўз борганди. Мазкур йиғилишда қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилиб, муҳокама қилинган масалалар бўйича чора ­тадбирлар белгиланди. Хўш, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қай даражада тайёр? Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида Пенсия жамғар­маси ижро этувчи директори Баҳром Ашрафхановга мурожаат қилдик...

— Президентимиз жорий йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят бўлганини таъкидлагандилар. Шикоятларда асосан қандай масалалар кўтарилган?

— Пенсия жамғармаси тизимига жисмоний ва юридик шахслардан жорий йилнинг 9 ойида 22.241 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 7.305 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган. Ушбу мурожаатлар ёзма, электрон ва оғзаки шаклда қабул қилинган. 

Мурожаатлар 

  • 20.320 таси (91%) ариза, 
  • 1.719 таси (8%) шикоят, 
  • 202 таси (1%) таклифлардан иборат.

Келиб тушган мурожаатларнинг 11.681 (52,6%) таси пенсия миқдорини кўриб чиқиш ва уни миқдорини ошириб бериш масаласидаги мурожаатлар бўлиб, қолган мурожаатлар қуйидаги йўналишлар бўйича тавсифланади:

  • пенсия ёки нафақани тайинлаш масаласида (пенсия ёки нафақага ҳуқуқи мавжудлиги) 4.428 (19,9 %) та;
  • пенсия тайинлашда иш стажини ҳисобга олиш маса­ лаларида 1.852 (8,3 %) та;
  • имтиёзли пенсияларни тайинлаш масаласида 1.201 (5,4 %) та;
  • пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўланиши ва тўхтатилиши масалаларида 1.125 (5,1 %) та;
  • пенсия миқдоридан аниқланган ортиқча тўловлар масаласида 519 (2,3%) та;
  • фуқаролардан келиб тушган таклифлар ва бошқа масалаларда 1.435 (6,4%) та.

Келиб тушган ариза, шикоят ва таклифлар борасида назорат ўрганилган. Яъни, нафақат масофадан туриб жавоб бериш, балки фуқароларни овора қилмасдан жойига чиқиб, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 4.808 маротаба фуқаролар билан сайёр учрашувлар ўтказдик. Пенсия таъминотига оид мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

— 2019 йил талайгина ишлар қилинганига кўз юмиб бўлмайди. Аммо тизимдаги камчиликларни бартараф этиш борасида 2020 йилда қилинадиган асосий вазифалар ҳам белгиландими?

— Жамғарманинг ҳисоб рақамига 23,4 трлн. сўм маблағ туширилади. 2020 йилда ҳисоб­китобларимизга кўра, камида 370 минг нафарга яқин фуқароларга янги пенсия ва нафақа тайинланиши кутилмоқда.

2020 йил якунига қадар пенсионер сони 3,5 млн. нафарга етади. Уларга пенсия тўлови учун жамғарма ҳисобидан 32 трлн. сўм ҳамда 375 минг нафар нафақа олувчиларга давлат бюджетидан 3,4 трлн. сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда. Масалан, 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, 16 ёшгача ногирон болаларга, боқувчисини йўқотганлик нафақаси, ёшга доир нафақаси олувчиларга давлат бюджетидан тўланади.

Президентимиз йиғилишда 2020 йил 1 апрелга қадар 2020­2030 йилларда пенсия тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бердилар. Шу боис халқаро тажрибани ўрганиш муҳим. Шу маънода яна бир асо­ сий вазифаларимиздан бири – Жаҳон банки ва халқаро ташкилотлар би­ лан ҳамкорликда 2020­2030 йилларда пенсия тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга киритиш.

2020 йилда “Фуқароларнинг Давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирдан ўтказиш топшириғини ҳам олдик.

Шунингдек, инсон омилисиз пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлашни автоматлаштирилган тизимини кўзда тутувчи “Пенсия” ахборот тизимининг янги версиясини ишлаб чиқилиши бошланади.

Дафн ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақаларини олиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилиш ва автоматлашти рилган ҳолда тайинлаш тизими жорий қилинади.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, Пенсия жамғармаси веб­сайтида фуқароларнинг “Шахсий кабинети” жорий қилинади. Бу уларга пенсия жамғармасидаги ўзлари билан боғлиқ барча жараённи кузатиш имконини беради.

Чиндан ҳам пенсия тизимини ислоҳ қилиш вақти келди. Бунинг учун пенсия тизимини либераллаштиришни режалаштиряпмиз. Олди­ мизга 2030 йилда амалга ошириладиган 2 та катта мақсад қўйганмиз:

1. Фуқароларга муносиб пенсия тўлаш;

2. Пенсия хизмати сифатини оширишдир.

Мазкур режани амалга ошириш учун Концепцияни 4 та йўналишда ишлаб, пенсия тизимида ислоҳот ўтказмоқчимиз.

1. Давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш:

Давлат пенсияси ва қўшимча нодавлат пенсияси қандай бўлиши керак? Балки 10 баробарга оширилган юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдорини мутлақо бекор қилиш керакдир? Масалан, фуқаро қанча маош олишидан қатъи назар, юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдори 2 млн. 230 мингдан ўзгармаяпти. Нега чегара қўйилиши керак? Тўғри, пенсия жамғармасининг молиявий аҳволи ўйлаб шундай тизим ишланган. Пенсия юқори бўлса, тўлов учун маблағ етмай қолиши мумкин. Шу боис ушбу тизим босқичма­босқич ислоҳ қилинса, яхши бўларди. Аввалига юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдорини яна бир неча баробарга ошириб, кейинчалик мутлақо бекор қилиш мумкин бўлади.

Амалда эркаклар иш стажи 25 йилдан ошса, пенсиясига ҳар бир йил учун 1 фоиздан қўшиб борилади.

Балки бу фоизини ҳам кўтариш керакдир? Шунингдек, муддатидан кейин пенсияга чиққанларни ҳам моддий рағбатлантириш масаласини ўйлаб кўриш лозим. Бугунги кунда пенсионер аввал олган маблағига нисбатан тўланадиган пенсия миқдори 32 фоизни ташкил қилади. Бу кам! 40 фоизга етказиш керакдир?

2. Пенсия тизимини суғурталаш:

Президентимиз ўтказган йиғилишда 3 босқичли пенсия тизими ҳақида тўхталдилар.

1-ДАРАЖАСИ – давлат пенсияси:

Давлат пенсияси бу – фуқаро ишласа, минимал пенсия олиши кафолатланган.

2-ДАРАЖАСИ – ишловчиларга бағишланган тизим:

Мазкур тизим ишчини рағбатлантиришдан иборат. Бу тизим амалда мавжуд, у ҳам бўлса жамғариб бориладиган пенсия тизими. Ушбу пенсия давлат томонидан тўланади, миқдори авваллари 1 фоиз эди, ҳозирда 0,1 фоизга туширилди. Бу тизимни ҳам ислоҳ қилсак, юқори

натижага эришамиз. Яъни, фуқаро давлат томонидан тўланадиган пенсиядан ташқари, маошидан ҳам маълум миқдор тўлаб боради ва бу маблағ солиққа тортилмайди. Шунда давлат пенсиясидан ташқари, яна қўшимча равишда пенсия олади. 

3-ДАРАЖАСИ – нодавлат пенсия тизими:

Бордию пенсионер давлат томонидан ва маоши ҳисобидан олган пенсияга қониқмаса, 3­даражали пенсия тизимидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бундай пенсия олиш суғурта орқали амалга оширилади. Мазкур жараёнда пенсия жамғармасининг вазифаси қонунчилик базасини яратиш, нодавлат ташкилотлар билан шартномалар тузиш, капитал бозорни ривожлантиришдан иборат. Йиллар ўтиб, фуқаролар маблағларини тўлалигича қайтариб олишлари учун суғурталаш тизими барқарорлигини таъминлашимиз керак.

3. Пенсия тизими ваколатларини таъминлаш:

Ҳозирда 14,7 млн. меҳнатга лаёқатли аҳолимиз бор. Бу кўрсаткични ошириш керак. Имтиёзлар орқали аҳолининг барча қисмини меҳнатга жалб қила олсак, кўзланган натижага эришиш мумкин.

4. Пенсия тизимига инновацион технологияни жорий қилиш:

Биринчидан, қоғоз-­ҳужжат талаб қилмайдиган тизимдан тўлиқ фойдаланишга эришиш лозим.

Иккинчидан, марказлаштирилган шароитда пенсия тайинлаш ва тўлашга эришиш даркор. Электрон тизим жорий этилгач, республикада ягона марказлаштирилган тизим бўлади, холос. Шунда ҳужжатлар электрон ҳаракатланади, пенсия ҳам ав томатик равишда тўланади. Бу йўлда дастлабки қадамларни қўйдик. Аниқроғи, “Ижтимоий ҳимояни ягона реестри” номли янги ахборот тизим ишлабчиқилди. 1 октябрдан Сирдарё вилоятида синовдан ўтказиляпти. БМТнинг ажратган грант маблағларига хорижий техника, дастурий таъминот ва сервер сотиб олинди ҳамда Ягона реестр дастури яратилди. Сирдарё вилоятида 3 та турдаги нафақа олиш истагида бўлганлардан 2.063 та ариза қабул қилинди. Компьютер шундан 66 фоиз – 1.334 та аризани рад этди. Уларни таҳлил қилганимизда, 63 нафар фуқарода 2 тадан машина, 95 нафарида қўшимча кўчмас мулк, шаръий никоҳ ва асосий иш жойидан ташқари манбадан ҳам маош олиш ҳолатлари аниқланди. Бу тизимга кўра, маҳалла жамғармасининг иши енгиллаштирилади. 

Яъни, 2 ёшгача боласи бор аёллар, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга ва моддий ёрдамга муҳтожларга маҳалладаги комиссия нафақа тайинларди. Эндиликда эса, масъуллар фуқароларнинг ҳужжатларни пенсия жамғармасига олиб келади, холос. Ушбу ҳужжатлар рақамлаштирилади, ходимларимиз шу рақамларни компьютерга киритади. Қолган жараён автоматлаштирилган тарзда бажарилади. Масалан, компьютерни ўзи ФҲДЁдан оила­аъзолари сони, кадастрдан қанча кўчмас мулки борлиги, ЙПХдан нечта машинаси борлиги каби маъ лумотларни йиғиб, компьютернинг ўзи қайси турдаги нафақани тайинлашни аниқлаб беради. Бунда инсон омили мутлақо иштирок этмайди. 

Мазкур тизим фаолиятини давом эттириш учун Жаҳон банки 5 млн. доллар ажратди. Сирдарёда ўтказилаётган тажриба эндиликда республика бўйлаб қўлланилади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар