Аввал хабар берганимиздек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова ҳамкорлигида ташкил қилинган Германия сафаридаги ташрифларимиздан яна бири Бавария полиция академиясига бўлди. Бавария полиция академиясига қадам қўяр экансиз, ўзингизни худди музейга тушиб қолгандек ҳис этасиз…

Бавария полиция академиясида 6 минг нафар ходим ишлайди. Биз ташриф буюрган бинодаги Бавария полиция академияси Бавариядаги энг катта полиция бош бошқармаси ҳисобланади.

Бу ерда Мюнхен бўйича ОАВ билан ҳамкорлик қиладиган 25 нафар матбуот котиблари фаолият юритади. Полиция академиясига матбуот котибларининг зарурлиги сабаби шундаки, улар халққа маълумотларни терминологиядан қочган ҳолда содда тилда етказишади.

Умумий ходимлари сони эса 500 нафар. Мюнхен бўйича жами 30 та полиция бўлинмаси мавжуд, полиция ходимларининг ўзи эса 6 минг нафар.

Бавария полиция академияси ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун полиция комиссари бошлиғи Дамян КАНЬЯ (Damian Kania) ни суҳбатга тортдик.

«ЖУРНАЛИСТЛАР СУТКАНИНГ ИСТАЛГАН ВАҚТИДА ПОЛИЦИЯГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИШИ ЁКИ ТАШРИФ БУЮРИШИ МУМКИН»
Дамян Канья (Damian Kania), Бавария полиция бош бошқармасининг полиция комиссари бошлиғи:

— Германиянинг амалдаги қонунчилигига кўра, полиция ходимлари журналистнинг ҳар қандай саволига жавоб беришга мажбур. Бордию жавоб бермаса, улар қонунга кўра жавобгарликка тортилади. Бироқ, кичик истиснолар ҳам йўқ эмас. Аниқроғи, икки нафар фуқаро ёки икки фуқаровий жамоа кураши борасида ҳар бир майда «деталлар» (улар орасида бўлган ҳақоратлар…) ҳақида маълумот берилмайди. Шунингдек, полициячилар жабрланувчи ҳақидаги шахсий маълумотларни ҳам тақдим этиш ваколатига эга эмас. Шунга қарамай, полиция нуфузини ҳам сақлаб қолишимиз зарур. Сабаби, жиноят содир бўлганда арзимайдиган туюлгандек кичик маълумот ҳам бизга ас қотади. Шу боис гувоҳларни излаб топишимиз учун ҳам одамларнинг полицияга бўлган ишончини сақлаб қолиш жуда муҳим жараён. Мазкур омиллар боис полиция ОАВ билан ҳамкорликда ишлаб, халқда яхши таассурот қолдиришга уринади. Бунинг учун одамларга ҳар куни ўз ахборот манбаларимизни ҳам тарқатамиз. Аниқроғи, бир кунда 5— 10 босқичли — аниқроғи, 5— 10 хил мавзудаги мақолаларни халққа тақдим этамиз. Полициянинг очиқ ахборотнома дастури ҳам бор. Бу нафақат полиция нуфузини ошириш, балки қилган ишларимиздан халқни бохабар қилиш учун ҳам керак. Танланган 5 хил мавзуни тақдим этилиши бу — «5 тагина жиноят содир бўлади», дегани эмас. Дейлик, бир кунда 30 та жиноят содир этилди. Шундан 5 та энг долзарби танлаб, халққа етказилади.

Ҳар куни соат 11:30да кундалик ахборотлар e-mail орқали тарқатилади. Шунга қарамай, ҳар куни журналистларни полиция академиясида қабул қилиб, ахборотларни муҳокама қиламиз. Боиси журналистлар полиция тақдим этган ахборотга қўшимча сифатида давомли равишда маълумотларни халққа етказишади. Аслида бу ишларни бажаришга мажбур эмасмиз. Лекин ижтимоий хавфсизликни таъминлаш мақсадида журналистларга кўмакдош бўламиз.
Омма нималарга эътибор бериши, қандай хавфлардан огоҳ бўлиши кераклигини англаши учун ҳам лозим топган ахборотларимизни уларга тақдим этамиз.

24 соат давомида навбатчилик асосида ишлаймиз. Журналистлар сутканинг исталган вақтида қўнғироқ қилиб ёки полиция академиясига ташриф буюриб, янгиликлар, рўй берган нохуш воқеалар ҳақида сўрашга ҳақли ва биз бажонидил жавоб берамиз. Журналистлар ярим тунда мурожаат қилса ҳам жавоб беришга шай турамиз. Боиси бу — ахборот ўз долзарблигини йўқотмаслиги, эскирмаслиги учун муҳим жараён.
Бордию бирор янгилик бўлмаса, навбатчи ходимларга тунаш учун шарт-шароитлар ҳам яратилган.
Масалан, яқинда жумадан шанбага ўтар кечаси соат 23:00да бир болани машина уриб кетган. Туни билан шу воқеа юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб бердик. Одатда журналистлар ўзини қизиқтирган саволлари билан полицияга 18:00дан кейин мурожаат қилишади.
— Ахборот оқимининг кўп бўлиши табиий. Шу жараёнда навбатчи полиция ходими ахборот тарқатишга улгура оладими?
— Улгуришга ҳаракат қиламиз. Кун давомида 15 нафар матбуот котиби ишлайди. Бироқ қўшимча ходим ишласа, йўқ демасдик (кулади).

Журналистлар билан боғланишнинг 2 та йўли бор:
1. Агар жуда катта ижтимоий ҳодиса ёки жиноят содир бўлса полиция академиясида матбуот анжумани ўтказилади.
2. У қадар катта бўлмаган ҳодисалар юзасидан журналистларни воқеа жойига боришини сўраймиз. Полиция ходимлари журналистларга воқеа жойида интервью бериб, воқеа-ҳодиса тафсилотларидан бохабар қилади. Бу ҳолатда ишлаш бироз мушкул. Боиси ўзимиз ҳам у қадар кўп маълумотга эга бўлмаймиз. Журналистлар эса воқеа жойидаги гувоҳларни саволга тута бошлашади. Бу ўз навбатида ишни чувалашишига олиб келади. Шунинг учун аввал журналистларнинг барча саволларига жавоб бериб, уларни кузатиб қўямиз. Шундан сўнггина ҳолат юзасидан ўзимиз иш бошлаймиз.
— Журналистлар матбуот анжуманидан халққа тўғридан тўғри маълумот етказиши учун Полиция бош бошқармасида техник қулайликлар яратилганми?
— Полиция бош бошқармаси юқори технологиялар билан таъминланган. Журналистлар учун матбуот анжумани вақтида оммага тўғридан тўғри ахборот узатишлари учун барча техник шароитлар мавжуд. Масалан, эшикларимизга махсус тюнерлар ўрнатилган, у орқали журналистлар ўз телеканали учун тўғридан тўғри эфирга чиқа олиш имкониятига эга.

Бизнинг вазифамиз журналистлар билан ҳамкорликда ишлаш билангина кифояланмаган. Аниқроғи, воқеа жойини қўриқлаш ҳам бизнинг зиммамизда. Бордию, журналистлар ҳодиса жойига яқин келса, жиноят излари ўчиб кетиши мумкин. Журналистлар узоқ масофада туриб қолганда эса ўз ишини бажара олмайди. Шу мувозанат — олтин ўрталикни сақлаш ҳам бизнинг зиммамизда. Қисқаси, бир вақтнинг ўзида ҳам журналистлар ишини кўнгилдагидек бажариши учун кўмаклашиб, керакли шарт-шароит яратиб беришимиз, ҳам воқеа жойини кўз қорачиғимиздек ҳимоялашимиз зарур.
Бундан ташқари, одамлар орасида тарқалган миш-мишлар қанчалик ростлиги ҳақида маълумот йиғиш устида ҳам ишлаймиз. Гоҳида тарқалган маълумотлар рост ёки ёлғонлигини телефонда 10 дақиқада аниқлай оламиз. Баъзида бунинг устида ҳафталаб, ойлаб ишлашимизга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, тадқиқотчи ҳаммиз.
Ўта оғир жиноятлар юз берганда журналистлар оммага камроқ маълумот беришини истаймиз. Йўқса, бу жиноят ишининг чигаллашишига олиб келиши мумкин. Лекин қотиллик жиноятларини тезроқ очишимизга тўғри келади. Бунда журналистларнинг ҳам кўмаги керак бўлади, албатта.
Вазифалармиздан яна бири — ҳар йили февраль ойида катта конференция ўтказиш. Мазкур конференцияда дунёнинг турли бурчакларидан катта-катта мансабдорлар ташриф буюради. Уларнинг хафвсизлигини таъминлаш учун баъзи йўлларни ёпишга тўғри келади. Оқибатда машиналар тирбандлиги вужудга келади, жамоат транспортлари белгиланган вақтда юролмай қолади. Шу боис бир ҳафта аввал халққа йўл тирбандликлари ҳақида маълумот тарқатамиз. Бу билан эса одамларни ишга кеч қолмасликлари, режалаштирган юмушларини ўз вақтида бажарилишини таъминлаган бўламиз.

Ҳар йили тўқнашадиган мавзуларимиз ўзгариб туради. Германия араб ва африкалик қочоқларга ер бергани боис охирги 2-3 йилдан буён ишлайдиган мавзуимиз асосан шу бўлиб қолган. Бизга ёд маданиятга эга ва феъл-атвор жиҳатдан бошқа темпераментга эга бўлган қочоқлар билан ишлаш жуда қийин. Улар билан боғлиқ маълумотларни оммага ёритсак, бегуноҳ қочоқлар ҳам зарар кўриб қолиши мумкин. Ёритмай, десак ҳам бўлмайди. Шу боис сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда йўл тутишга ҳаракат қиламиз. Кези келса, қочоқларнинг ҳам ҳолидан хабар олиб турамиз. Мақсадимиз битта: қочоқлар ҳам, немислар ҳам жабр кўрмаслиги керак. Шу боис бу ҳолат доим назоратимиз остида.
Охирги 2 йил ичида одамлар полицияга ҳам, журналистларга ҳам ишонмай қўйди. Боиси одамларимиз бизни қочоқларни ҳимоя қилиш ва давлат сиёсатига ён босишда айлашяпти. Халқ оғир жиноятлар ҳақидаги хабарларни эшитса, бунда қочоқларни айблайдиган бўлиб қолишган. Аслида одамларнинг шубҳасида ҳам жон бор. Афсуски, статистика 70-80 фоиз жиноятда қочоқлар айбдорлигини кўрсатмоқда. Халқнинг нафрати ошиб, қочоқларга нисбатан жиноят содир қилмаслиги учун баъзида улар ҳақидаги хабарларни тарқатмасликка қарор қилганмиз. Шунинг учун полиция ва журналистларнинг қисмати бир бўлиб қолган. Аслида полиция ва журналистнинг ёлғон маълумот беришга ҳаққи йўқ. Лекин баъзи маълумотларни айтмаслик ҳуқуқига эгамиз. Масалан, қочоқ жиноят содир қилганини айтишга мажбур эмасмиз. Бу билан жамиятдаги хавфсизликни таъминлаган бўламиз. Бироқ «бу жиноятни қочоқ содир қилмади», дейишга ҳам ҳаққимиз йўқ.
— Қочоқларнинг неча фоизи қайси миллатга мансуб?
— 2015 йил хорижлик қочоқларга жуда катта квота берилган. Уларнинг кўпчилиги Сурия ва Африкадан келган қочоқлар. Аслида жиноятлар Германияга келган қочоқларнинг жуда кам қисмига алоқадор. Бироқ негадир ушбу кам кўрсаткич немисларга каттадек кўринади. Агар жиноятни немис содир қилган бўлса, халқ бунга бепарво қарайди.

Полициянинг асосий мезонлари бу — нейтрал ва объектив бўлиш. Полиция ходимлари содир бўлган воқеага ўз муносабатларини билдиришга ҳақли эмас. Фақатгина ахборот бериш ваколатига эгамиз. Ишимизнинг энг муҳим жиҳати эса тезкорликни таъминлаш. Борди-ю, бирор жиноят бўлса, бу ҳақдаги хабар сониялар ичида халққа тақдим этилиши шарт.
— Журналистлар билан полиция ўртасида келишмовчиликлар юзага келмайдими?
— Гоҳида журналистлар билан орамизда келишмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Жиноятчини тутишда полиция ходимлари гоҳида бироз қўполлик қилган бўлса, журналист бу ҳақда дарров овоза қилади. Шундай вақтларда журналистлардан ранжиймиз, албатта. Бироқ профессионаллик нуқтаи назаридан ўша журналистларга юзда табассум билан муомалада бўламиз. Ҳафагарчилигимиз ишга таъсир қилмайди.

Журналистлар билан ҳамкорлик қилиш — матбуот котибликдан ташқари иккинчи иш йўналишимиз ҳам бор:
Полиция ўзини халққа таништириши керак. Шу боис ҳар 2 йилда 1 маротаба очиқ эшиклар куни ўтказамиз. Бунда исталган киши оиласи билан полиция академиясига ташриф буюриши мумкин. Уларга фаолиятимиз ҳақида атрофлича маълумот берамиз. Ҳатто болалар билан ўйнаймиз ҳам.

Онлайн тарзда — сайт, фейсбук, твиттер, инстаграм орқали маълумотлар, ахборотларимизни ҳам доимий тарзда тарқатиб борамиз. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишимиз мустақил ишимиз ҳисобланади.
— Полиция ходимлари журналистнинг саволларига жавоб бермаса, қандай жавобгарликка тортилади?
— Ўқиш давридан полиция ходимларига мажбуриятлари уқтириб борилади. Саволига жавоб ололмаган журналист полиция ходимини судга беради. Суд чиқарган қарорга кўра полиция ходими жавобгарликка тортилади. Аниқроғи, журналистлар олдидаги мажбуриятларини бажармаган полиция ходимининг минг евродан 5 минг еврогача жарима тўлаши белгилаб қўйилган. Бироқ шу вақтгача бизда бундай ҳолат кузатилмаган ва кузатилиши жуда оғир жараён. Боиси бундай хатога йўл қўйган полиция ходими бошлиқ билан ўта қийин суҳбатга «йўлиқади». Биргина ходимнинг қонунга итоат қилмаслиги нафақат ўша шахснинг ўзига, балки бутун бошли Мюнхен полициясининг шаънига ҳам путур етказади. Очиғи, саволингиз мени ҳайратга солди. Чунки, немислар қонунга итоаткор халқ, «мумкин эмас» деган чегарадан сира четга чиқилмайди.
— Бавария полициясини оёққа тургазган воқеа юз берганми?
— 2015 йил террорчилик ҳаракати кузатилган. Бу воқеа барча ишдан қайтадиган вақтда содир бўлган. Ўшанда бутун Бавария полицияси оёққа турганди. Ҳатто уйида бўлган полиция ходимлари ҳам ишга етиб келган. Журналистлар асосланмаган маълумотлар тарқатгани боис халқ саросимага тушиб қолган. Террорчилик ҳаракати кузатилганидан 2 сония ўтгач, кимдир ўша ҳодиса муҳрланган видеони тарқатиб юборган. Полиция ходимлари иш жойида йиғилгунига қадар ярим соат вақт ўтган. Шу боис асл маълумотни тақдим қилишда бир соатга кечикканмиз. 10 киши вафот этгани эса анча вақт ўтгач маълум бўлган ва жиноят иши очилган.

Ўша воқеа «қаҳрамон»и — 17 ёшли ўспирин атрофдагилар ва полиция ходимларини ўққа тутган ва қочиб кетган. Халққа жиноятчи қочиб кетгани, қўлида қуроли борлиги ҳақида хабар берганмиз. Шу куни Бавариянинг 70 хил бурчагидан «жиноятчи бизнинг ҳудудда», деган қўнғироқлар бўлган. Аслида жиноятчи воқеа жойидан узоққа кетмаган экан.

Энг қизиғи, бир киши қўлидаги қадахни ерга тушириб юборганида «пақ» этган овоз чиққан. Қадах ерга тушиб синганда (кулади). Атрофдаги тумонат одам тумтарақай қочган.
Боиси бир вақтнинг ўзида ҳам фуқаролар, ҳам журналистларга ахборот бериб, саволларига жавоб қайтаришимиз керак бўлган.
Видео бутун дунёга тарқалгани боис ҳатто чет давлатлардан ҳам қўнғироқлар бўлган.
Шу боис бир вақтнинг ўзида 3 та йўналишда ишлашимизга тўғри келган:
1. Журналистларга ахборот бериш.
2. Фуқароларнинг қўнғироқларига жавоб бериш.
3. Ижтимоий тармоқлар орқали ёғилаётган саволларга жавоб бериш.

Бу жараёнда ҳаммага бир хил маълумот беришимиз муҳим омиллардан бири. Шу боис бу ҳолатни назорат қилиш ҳам Бавария полиция бош бошқармасининг ходимлари зиммасида бўлган.

Жиноятчи кўп ўтмай, хиёбонга бориб, ўзига 3 маротаба ўқ узган. Ўша вақтда жуда катта босим ичида ишлаганмиз.
— Одатда журналистлар воқеа жойига бориб, ахборот олишни истайди. Шу маънода журналистларни террор ҳудудига боришига рухсат берилишига ҳам Бавария полиция бош бошқармаси масъулми?
— Террор ҳудудига ҳеч ким киритилмайди, ҳатто полиция ходимлари ҳам. Бундай ҳудуд 24 соат давомида қўриқланади. Белгиланган жойдан туриб эса исталган журналист ахборот тайёрлаши мумкин.
— Террор ҳолатини олдини олиш учун қандай чоралар кўрилади ёки шундай ҳолат содир бўлишини кутиб ўтирасизларми?
— Бунга ҳожат йўқ. Боиси одамларнинг қандайдир гумони бўлса, дарҳол полицияга қўнғироқ қилишади. Полиция ходимлари эса зудлик билан текширув ўтказади.

— Террорчининг шахсий маълумотларини ОАВ орқали эълон қиласизларми?
— Нафақат террорчи, балки гумонланувчилар, жабрланувчиларнинг ҳам шахсий маълумотлари, расмларини ошкор этиш қонунга ҳилоф. Биргина истисно мавжуд: суд орқали ордер билан рухсат берилсагина маълумотлар ошкор қилиниши мумкин. Боиси мазкур жиноятнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида гувоҳ йиғилиши учун рухсат берилади. Янглишмасам, 4 йил аввал Берлинда янги йил бозорида одамларни катта камаз машинаси босиб кетганди. Шундан буён янги йил бозорлари иш бошлагач, полиция ходимлари ҳам ўша ерда ҳозир бўлишади. Одамлар ҳам кимдандир гумонланишса, дарҳол полицияга хабар бериши ҳақида огоҳлантирилади. Афсуски, нохуш воқеалар кутилмаганда рўй беради. Шу боис фуқаролар учун бундай ҳолатларда қандай қоидаларга риоя қилишлари ҳақида кўрсатма ишлаб чиққанмиз. Халқ унга амал қилади ва ўз хавфсизлигини шу орқали таъминлайди.

— Журналистларга террорчилар билан мулоқот қилиш ҳуқуқи берилганми?
— Биласизми, бундан 30 йил аввал Германияда саволингизга доир воқеа содир бўлган. Банк ўғриси 3 кун давомида машинада полициядан қочиб юрган. Энг ёмони қўлида асираси ҳам бўлган. Журналистни эса ўғри билан суҳбатлашишга рухсати бор эди, у суҳбатлашган ва фоторепортаж ҳам қилган. Учинчи куни полиция ўғрини қўлга олган, бироқ у асирасини отиб юборган. Шу воқеадан кейин журналистларнинг қонунбузарлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилишини тақиқлайдиган қарор чиққан.
— Германияда судларида оқлов ҳукми чиқариш амалиёти борми?
— 7-10 йил аввал ОАВда ноҳақ қамалганлар оқлови эълон қилинган ҳолатлар бўлган. Агар полиция қасддан бегуноҳ кишини қамалишига сабабчи бўлса, албатта унга нисбатан жарима ёки қамоқ жазоси қўлланилади. Бордию иш жараёнида бепарволикка йўл қўйилган бўлса, қисман айбдор ҳисобланади ва полиция ходими унинг даражасини белгиловчи «юлдузлар»идан айрилади.

— Блогерлар полиция томонидан тақдим этилмаган норасмий маълумот тарқатса, қандай йўл тутасизлар?
— Таъкидлашим жоиз, журналист билан блогерни тарозининг бир палласига қўймаймиз. Боиси журналист соҳа таълимини олган профессионал ижодкор, блогер эса аксинча. Бордию журналист уч маротаба хатога йўл қўйса, ишдан ҳайдалади. Полиция ходимида ҳам худди шундай қоидалар мавжуд. Шу боис полиция ҳам, журналистлар ҳам ўз соҳасининг аҳлоқ кодексларидан четга чиқмаган ҳолда фаолият олиб боради. Чунки ҳар икки соҳа вакили ҳам ишидан айрилиб қолишни истамайди-да.
Блогерларга келсак, улар бордию ёлғон ахборот тарқатса, суд орқали тегишли жазо олади. Қолаверса, полиция ходимларнинг блогерлар олдида ҳеч қандай мажбуриятлари йўқ, уларнинг саволларига жавоб беришга мажбур эмас.


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Германия






