АсосийMadaniyat

Орол фонида инсон қалбидаги фожиалар “Танҳо қайиқ” фильмида акс этади

'Орол фонида инсон қалбидаги фожиалар “Танҳо қайиқ” фильмида акс этади'ning rasmi

Кинорежиссёр Нозим Тўлахўжаев “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига “Танҳо қайиқ” бадиий фильмини суратга олди.

Киноасар сюжетига кўра, Орол бўйидаги кимсасиз овулда кекса бир қайиқсоз ёлғиз яшайди. У теварак-атрофдаги овуллардан бекорчи ёш-ялангни ёнига олиб, уларга ота-боболардан қолган бу қадимий касбни ўргатади ва шу баробари чин инсонийликдан сабоқ беради. Денгиз эса юзлаб чақирим нарига кетиб қолган. 

Лекин қария бир кунмас-бир кун унинг сувга тўлишига ишонади. Бу шунчаки орзу ёхуд ҳавойи ишонч эмас. Чолнинг қатъий фикрича, “бунинг учун биз - одамлар ҳалол, инсофли ва олижаноб яшамоққа аҳд қилсак, кифоя”.

Фильм ижодкорларининг таъкидлашича, Орол фожиаси бир баҳона, асар аслида инсон қалбининг дағаллашиб, қуриб-саёзлашиб борувидан пайдо бўладиган фалокатлар ҳақида.

Картинада Ражаб Адашев, Гулсанем Абатбаева, Бунёд  Раҳматуллаев, Мурод  Насимов, Озодбек  Хуррамов, Сарвар  Илҳомов, Бобур  Йўлдошев, Шодия  Абдуқодирова, Дилором  Каримова каби актёрлар рол ижро этган.

“Танҳо қайиқ” бадиий фильмининг постановкачи оператори – Оскар  Бахтеев, постановкачи   рассоми – Шуҳрат  Абдумаликов, бастакори – Дмитрий  Янов-Яновский. 

    Бошқа янгиликлар