Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Қашқадарё вилояти ИИБ биносида Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак А.Ю.нинг туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани ва бошқарма биносидан мурдаси чиққани юзасидан брифинг бўлиб ўтмоқда.
Мазкур воқеа юзасидан берилган маълумотларга кўра, 23 январь куни туман прокуратураси томонидан ЖК 206-моддаси 1 қисми билан жиноят иши очилиб, айбланувчи тариқасида икки нафар ИИБ ходими қамоққа олинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ва ИИБ ходимларининг ҳаркатларига устидан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Шунингдек, марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд-экспертизаси тайинланган. Барчаси тергов давомида аниқ бўлади ва қонуний қарор чиқарилади, дея маълум қилди вилоят прокуратураси ходими.
ИИВ матбуот хизмати раҳбари Ш.Ғиёсовнинг қайд этишича, 23 январь куни вилоят ИИБда мазкур воқеа юзасидан матбуот анжумани бўлган. Бироқ, тергов сири ва ҳуқуқий томонлама иш ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмагани учун тафсилотлар ошкор қилинмаган. Тез фурсатда ҳодиса интернетда турли изоҳлар орқали шов-шув бўлиб кетганига тўхталар экан, “Воқеа ҳақида дастлабки хабарни бермаганимиз бу бизнинг айбимиз", — дейди Шоҳруҳ Ғиёсов.
Шунингдек, маълум қилинишича, ушбу воқеа ортидан вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Самад Турдиев ишдан кетган. Иш бўйича қандай қарор чиққани ИИВ матбуот котибига маълум.
“Аммо, бу қарорни бир ҳафтадан сўнг, вазир хулосаси билан айтамиз” деди ИИВ Матбуот котиби.






