“Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” ташкил этилди

МАДАНИЯТ 05.02.2020, 09:44
“Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” ташкил этилди

Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Давлат рақс ансамблининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Ўзбекистонда рақс санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижодий мактабларга хос анъаналарни, моҳир балетмейстерлар, балет артистлари меросини тиклаш;

миллий рақс санъатининг мумтоз ва замонавий ижро намуналари “олтин фонди”ни яратиш;

халқимиз, хусусан, ёш авлодни миллий рақс санъати ҳақидаги назарий ва амалий билимлар билан кенг таништириш орқали уларнинг қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

рақс ва хореография санъати соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этиш, истеъдодли ёш балетмейстерларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш;

миллий рақс ва хореография санъати соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларнинг натижалари асосида замонавий рақс композицияларини саҳналаштириш;

миллий рақс санъатини мамлакатимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат рақс ансамблининг миллий ҳамда жаҳон халқлари рақсларидан иборат дастурлари асосидаги гастроль-концерт фаолиятини йўлга қўйиш.

Шунингдек, қарорга кўра, Давлат рақс ансамбли қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, концерт-томоша фаолиятини тегишли лицензия олмасдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида концерт-томоша тадбирларини бир марталик рухсатнома олмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

2020 йилда Маданият вазирлиги ансамблга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 та енгил автотранспорт воситаси учун маблағ ажратади.

Шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2 та автобус ва 1 та юк автотранспорт воситасини харид қилиш ҳамда сақлаш учун лимит белгиланди.

10 кун муддатда Давлат рақс ансамблини жойлаштириш учун бино ажратилиши белгиланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1