АсосийJamiyat

"Вазир ўринбосари вазир, вазир бошқа жойга вазир, ҳоким сенатор бўлди, сенатор спикер, спикер снайпер..." Блогернинг тайинловларга нисбатан мулоҳазаси

'"Вазир ўринбосари вазир, вазир бошқа жойга вазир, ҳоким сенатор бўлди, сенатор спикер, спикер снайпер..." Блогернинг тайинловларга нисбатан мулоҳазаси'ning rasmi

Болгер бугунги кундаги ҳукумат таркибидаги тайинловлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  Қуйида уни тўлиқ келтирмоқдамиз.

"Вазир ўринбосари вазир бўлди, вазир бошқа жойга вазир бўлди, вазирнинг вазири бош вазирга маслаҳатчи бўлди, маслаҳатчи кимгадир ўринбосар бўлди, мелиса маҳаллақўм, ректор профессор, ҳоким сенатор бўлди, сенатор спикер, спикер снайпер ва ҳоказо ва ҳоказо.  

Лекин, ҳеч нима ўзгармайди. Аксар ўша-ўша одамлар, ёки уларнинг ғоялари меросхўрлари.

Шахмат тахтасидаги бу юришлар айнан қандай режа ё стратегия (ўзи бормикан?) билан қилинаётгани ҳозирча номаълум. Балки бу таваккализмнинг бешта принципидир... Прогрессив ёш реформаторлар деб кўрилган янги фигуралар кўлга томган томчидек сўрилиб кетаётгандек. Улар оз ҳам. Улар аслида сув томчиси эмас, ёғ томчисидек бўлишлари керак – сувга қўшилмасдан, уни булғаганлари яхшироқ. Лекин ҳозирча фақат сув. Ёғ кам томяпти.  

Ҳатто Британияда ҳам турфа хиллик истаб қолишибди. Бош вазир Борис Жонсоннинг жиннироқ бош маслаҳатчиси Доминик Каммингс ҳукуматдаги кулранг муҳитга уруш очди. У ҳукуматдаги лоббичилар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, журналистлар ўртасидаги қон аралашувини бузиб, "ғалати ва жамиятга мослашолмаган" одамларни ишга олишни исташини айтди. Аввалига ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Қандай ҳаддинг сиғди бу буюк демократияни уйғотишга, аблаҳ! Ўйлаб қарасам, менга унинг режаси ёқди. Хўш, у нимани истайди?  

Турфахилликни.  

У бари ёппасига Оксфорд ва Кембрижни битирган, бир хил тарзда фикр юритадиган одамлардан қутулмоқчи. У турли туман фикрлар Даунинг стрит деворлари ичида теннис тўпларидек девордан деворга сапчишини истаяпти. Иқтисод қийин аҳволда, башоратлар яхшимас, қутқарув йўлларини излаш керак. Бунинг учун онаси ўпмаган ғоялар керак.  

Дарҳақиқат, Матю Саид деган одам ўзининг “Исёнчи ғоялар” китобида яхши мисол келтиради. Масалан, сиз раҳбарсиз. Сизга ўнта одамни ишга олиб ўз жамоангизни тузиш таклиф қилинади. Одатда қандай бўлади? Сиз ўзингизга ўхшаб фикрлайдиган (ва сизга содиқ?) одамлардан жамоа тузасиз. Уларга битта муаммони ечиш йўлларини ўйлаб топишдек вазифани топширасиз. Қарабсизки, улар таклиф қилган ечим ҳам бир хил бўлади. Чунки улар бир хил ўйлайди. Лекин, тасаввур қилинг, сиз ўзингизга ё бир-бирига ўхшамаган 10 кишини ишга олдингиз. Улар сизга битта муаммонинг 10та ечимини таклиф қилиш қобилиятига эга бўлади. Демак, сизда танлов 10 бараварга ошади. Албатта, ичида аҳмоқона ғоялар бўлиши ҳам мумкин – лекин, бу ҳам турфа хилликнинг белгиси.  

Ўзбекистон ҳукумати ҳам балки турфахиллик ўйинига ўйнаб кўриши керакдир..."

    Бошқа янгиликлар