Ҳуқуқшунос телеграмдаги ўз блоги орқали коронавирус тарқаган пайтида ишчи-ходимларни ўйлантирадиган ва муҳофазаси Ўзбекистон қонунчилигида белгилаб қўйилган 5 та муҳим саволга жавоб берди.
1. Иш жойида гигиена воситалари билан таъминлаш кимнинг мажбуриятига киради?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига оид нормалар белгиланган. Унга кўра, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.
2. Ходим карантинга олинса унга қайдай кафолатлар мавжуд?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра, карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг XVII бандига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса, унга нафақа берилади.
Яъни агар ходим карантинга олиниши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ходимнинг бу даври учун унинг иш жойидан меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилиши керак.
3. Карантин туфайли айрим ташкилотлар фаолиятида тўхталишлар бўлса ходимларга (масалан, боғча тарбиячилари, педагоглар) қандай кафолатлар бор?
Меҳнат кодексининг 159-моддасига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Яъни, карантин ҳолатида корхона томонидан ходимларга бекор қолиш даври учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланаверади.
4. Иш берувчи ходимга бундай ҳолатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкинми?
Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходимнинг аризасига кўра иш берувчи билан келишувга кўра белгиланади. Яъни иш берувчи ходимнинг розилигисиз унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бера олмайди.
5. Карантин, санитарияга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддасига кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлар беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.






