Айни дақиқаларда АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев билан онлайн брифинг бўлиб ўтмоқда.
Брифинг "УзРепорт" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда.
Савол: Ўқитувчиларга вирус сабабли отпуска беришди. Аммо нега уларни мажбуран электрон журнал тўлдириш учун мактабларда ушлаб ўтиришибди? Нега карантинга амал қилишмаяпти? Журналлар қочиб кетадими? Қани соғлиқ ҳақида қайғуриш? Карантин қилиб нима қилишарди? Ким буни назорат қилади?
Жавоб: Республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди. Бу ҳақда вазирликнинг тегишли буйруғи ҳам қабул қилиниб, жойларга етказилди.
Шундай бўлса ҳам ҳудудларда таътил вақтида ўқитувчиларни турли тадбирлар (мажлис, йиғин, учрашув)га жалб этилаётганлиги ёки ишга чақириб қандайдир ишларни бажариш мажбурланаётганлиги ҳақида хабарлар келмоқда.
Вазирлик томонидан бундай ҳолатлар тезкор ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, таътил вақтида педагогларни ҳеч қандай ишларга жалб этмаслик тўғрисида вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқлари, веб-сайти орқали мурожаат билан чиқилган. Саволда аниқ манзил (қайси вилоят, туман, мактаб) кўрсатилмаган экан, агар бу ҳақда тўлиқ маълумот берилса, албатта бунга чора кўрилади.
Шу билан бирга, таътилда белгиланган педагогик юкламаларни онлайн, яъни масофадан туриб бажариш имконияти яратилади.
Электрон кундалик масаласига келсак, биз телевизион дарсларни электрон кундалик орқали ҳам етказиш, яъни уйга берилган топшириқларни ўқитувчилар орқали ота-оналарга етказиш ва ўқувчиларни баҳолаш режалаштирилган. Бунинг учун ўқитувчи ишга бориши шарт эмас, уни мобил телефон орқали уйда туриб ҳам бажариши мумкин.






