Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган FIRST Global Challenge халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ғолиб бўлди. Мамлакат вакиллари учта олтин медални қўлга киритиб, мусобақада юқори натижа қайд этди.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик ёш муҳандислар 16 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 637 балл тўплаган. Бу натижа жамоага мусобақада чемпионликни қўлга киритиш имконини берган.
FIRST Global Challenge ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан иқтидорли мактаб ўқувчиларини бирлаштирадиган халқаро робототехника мусобақаси ҳисобланади. Унда иштирокчилар жамоа бўлиб ишлаш, муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялар орқали глобал муаммоларга ечим топиш бўйича беллашади.
Бу йилги мусобақанинг асосий мавзуси ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва ёнғиндан зарар кўрган табиатни қайта тиклашга бағишланган. Иштирокчилар ушбу экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган робототехника ечимларини ишлаб чиқиш ва тақдим этишган.
Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабаси ёшларнинг муҳандислик, робототехника ва инновацион технологиялар соҳасидаги салоҳиятини намоён этди. Мусобақадаги натижа мамлакат ёшларининг халқаро майдондаги технологик беллашувларда ҳам юқори кўрсаткичларга эриша олишини кўрсатади.






