Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Савдони молиялаштириш дастури (СМД) ва Ўзбекистоннинг “Asia Alliance Bank” Акционерлик тижорат банки мамлакатда савдо амалиётларини қўллаб-қувватлаш ваколатларини тақдим этиш тўғрисидаги Битимни имзолашди.
– Asia Alliance Bank” АТБ янги ҳамкоримизга айланганидан жуда хурсандмиз, чунки биз айнан кичик ва ўрта бизнесдаги савдо оқимини қўллаб-қувватлашда давом этяпмиз”, – деди ОТБнинг Инвестициялар бўйича мутахассиси ва Ўзбекистон билан шериклик бўйича менежери Нана хоним Куродзе. – Бизнингча, Савдони молиялаштириш дастури бугунги кунда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки мураккаб вазиятларда трейдерларга қўшимча ишонч туйғусини бахш этади.
ОТБнинг мазкур Дастури Ўзбекистонда олтита ҳамкор-банк билан бирга ишлайди. 2019 йилда дастур мамлакатда жами 1.44 миллиард доллар миқдоридаги савдо жараёнини қўллаб-қувватлади. Йўналтирилган 530 транзакциянинг 65 фоизи хусусий сектор билан биргаликда молиялаштирилади.

– “Asia Alliance Bank” АТБ учун Осиё тараққиёт банкининг Савдони молиялаштириш дастурига қўшилиш шараф, чунки бу бизга хусусий сектор молиявий эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича имкониятларимизни кенгайтиради”, – дейди банк Бош директорининг биринчи ўринбосари Умиджон Ҳакимов. – Мазкур шериклик жамоамизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда маҳаллий ишбилармонлар манфаатларини илгари суриш ва янги иш ўринлари яратиш орқали иштирок этишимизни қўллаб-қувватлайди.
ОТБнинг “AAA” кредит рейтинги томонидан қўллаб-қувватланаётган Савдони молиялаштириш дастури 200 дан зиёд шерик-банкларга савдони қўллаб-қувватлаш учун кафолат ва кредитлар ажратади. Бу бутун Осиё-Тинч океани минтақасида янада кўпроқ компаниялар томонидан импорт-экспорт амалиётларини амалга ошириш имконини яратади. 2009 йилдан буён СМД қитъамизнинг ривожланаётган ҳудудларида 20 мингга яқин тузилмаларга кўмак берди. Бу жараёнда жами 41 миллиард долларга тенг 26 минг келишувлар йўлга қўйилиб, хом ашё ва ишлаб чиқариш воситаларидан тортиб, тиббиёт йўналиши маҳсулотлари ва истеъмол молларигача бўлган турли тармоқлар қамраб олинди. Дастур молиялаштириш кўмаги кўламини интеллектуал маҳсулот, хусусан, савдо-молия бозорида юзага келаётган бўшлиқларни аниқлашга йўналтирилган тадқиқотлар, банк секторида хотин-қизлар ролини ошириш бўйича ташаббуслар, экологик кафолатларни кучайтириш йўлидаги интилишлар ва глобал молиявий тизимда шаффофликни орттириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ташаббуслар ҳисобига кенгайтириб боряпти. Шунингдек, молиявий ва савдо масалаларига оид билим ва тажрибани ошириш, таваккалчилик ва хатарларни бошқариш ҳамда фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган семинарлар, тренинглар ташкил этилмоқда.
“Asia Alliance Bank” АТБ Ўзбекистонда 2009 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Банк мунтазам равишда ўз фаолият кўламини кенгайтириш, молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, рақобатчилик бозор тамойилларини сақлаш ва юқори рейтинг кўрсаткичларини ушлаб туриш устида иш олиб боради. Филиал тармоқларни ривожлантириш ва кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириб бориш, етакчи хорижий банклар, тўлов тизимлари ва халқаро молиявий институтлар билан шериклик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек ўз ички ва халқаро мавқеини янада кўтариш банкнинг устувор вазифалари сирасига киради.
ОТБ фаолияти Осиё-Тинч океани ҳудуди аҳолисини фаровонлик, инклюзив ва барқарор ривожланиш сари элтувчи мақсадлар билан ҳамоҳанг. Тузилма бу жараёнда минтақада қашшоқликни бартараф этиш бўйича ишларни ҳам давом эттиради.
1966 йилда ташкил этилган ОТБ акционерлари 68 давлат вакилларидир. Осиё-Тинч океанининг 49 мамлакати ушбу банк билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.






