АсосийJamiyat

Хорижда коронавирусга чалинган ўзбеклар ҳақида маълумот берилди

'Хорижда коронавирусга чалинган ўзбеклар ҳақида маълумот берилди'ning rasmi

Баъзи давлатларда коронавирус тарқалиши кенг кўламли тус олган. Афсуски, хориждаги фуқароларимиз орасида ҳам ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари юз бермоқда.Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Авазбек Хаджиметов маълумот берди.

-Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва ҳамкорлар билан биргаликда ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда давом этмоқда.

Жумладан, хориждаги фуқароларимиз билан боғлиқ вазият доимий назоратда бўлиб, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам бериш давом эттирилмоқда.

Маълумки, баъзи давлатларда коронавирус тарқалиши кенг кўламли тус олган. Афсуски, хориждаги фуқароларимиз орасида ҳам ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари юз бермоқда. Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Австрия (1), Арманистон (1), АҚШ (10), БАА (1), Корея Республикаси (1), Покистон (5), Россия (1), Таиланд (1), Қозоғистонда (2) бўлиб турган 23 нафар фуқароларимизда ушбу касаллик аниқланган, улардан 3 нафари вафот этган. Дипломатик ваколатхоналаримиз ушбу фуқароларимиз ва уларнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ва зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

Шу ўринда, хориждаги барча фуқароларимиздан коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, жамоавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни қатъий сўраймиз.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ҳозирги синовли дамларда халқимизга хос меҳр-мурувват, саховат каби фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда. Хусусан, хориждаги ватандошларимиз томонидан «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига салмоқли маблағ ажратилди. Уларнинг бу каби амаллари учун чексиз миннатдорлик изҳор этамиз.

Ташқи ишлар вазирлиги тизими ходимлари, мамлакатимизнинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналари ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида иш ҳақларининг бир қисмини мазкур фондга беғараз ёрдам тариқасида ўтказдилар.

Бошқа янгиликлар