Коронавирус... Бу пандемиянинг ер юзи бўйлаб тарқалиши билан кимдир шундан ҳам мўмай даромад олиш пайига тушган бўлса, яна кимлардир савобга бел боғлаб, шундай синовли кунларда халқнинг корига яровчи инсон эканлигини исботламоқда. Буни халққа бепул озиқ-овқат улашаётган, қўни-қўшниларига тиббиёт ниқоби тарқатаётган ёки хайр-эҳсон қилаётган юртдошларимиз мисолида кўряпмиз. Ана шундай саховат йўлида савобдан умидвор юртдошларимиз бугун бир катта халқ бўлиб бирлашганини исботламоқда. Бунинг исботини биргина “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушаётган маблағлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Олдин бир йилда йиғилган маблағ бу йили бир кунда йиғилди.
Дониёр AЛИМОВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси:
- Aввало шуни айтиш керакки, ушбу фонд олдиндан мавжуд бўлиб, меҳр ва шафқатга, эътиборга муҳтож одамларга, беморларга ёрдам бериб келаётган эди. Шу йўл орқали кўплаб ёрдамга муҳтож беморларнинг соғайишига, уларни яна ҳаётга қайтишига ҳисса қўшилди. Бутун дунёда ва мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши ва ушбу касалликка чалинганларни даволаш ишлари давом этаётган шу кунларда қатор саховатпеша фуқароларимиз, тадбиркорларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлари юртимизда бошланган ана шундай хайрли ишларни қўллаб-қувватлаб, бу эзгу ишда ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Шуниси эътиборлики, бир кунда ушбу фонд ҳисоб рақамига 5 миллиарддан ошиқ маблағ келиб тушди. Бу рақамнинг ўзи халқимизнинг бағри кенглигини, энг синовли пайтларда бирига суянч, таянч эканлигини кўрсатиб бермоқда.
Фонднинг ўтган йиллардаги расмий ҳисоботларига назар ташлайдиган бўлсак, фонд ҳисобига тушган йиллик маблағлар 2-5 млрд. сўм атрофида бўлган.Шундан ҳам англашиладики, савобга ташна юртдошларимиз ташаббуслари билан олдин бир йилда йиғилган маблағ бу йили бир кунда йиғилган ва бу маблағлар кундан кунга ошиб бормоқда.
Қаерга ва кимлар учун йўналтирилади?
Жамоат фонди Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этган фуқаролардан, тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмиталаридан келган ариза-мурожаатларни ўрганиб чиқади. Уларнинг асосий мазмуни ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларга озиқ-овқат, протез-ортопедия буюмлари, техник воситалар, дори-дармонлар билан таъминлашда, даволаш масканларига жойлаштиришда ҳомийлик ёрдами кўрсатишдан иборат.
Сиз ҳам акцияда иштирок этинг
Бунинг учун қуйида келтирилган банк карталарига пул ўтказишингиз мумкин:
Жамоат фонди реквизитлари:
Манзил: 100027, Тошкент ш, Шайхонтохур тумани, к. Фурқат, 1 уй;
Телефон: 71-245-34-05, 71-245-34-47, 71-245-38-59;
Электрон манзил: mehr@info.uz;
Хисоб-рақамлари:
- 20 212 000 4001 0173 4001 (сўмдаги);
- 20 212 840 9001 0173 4001 (АҚШ долларидаги);
- 20 212 978 0001 0173 4001 (Евродаги);
Банк номи: “Ипотека-банк”, Мехнат филиал;
МФО: 00 423, ИНН: 200 897 248, ОКОНХ: 98 600.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ