Тошкент шаҳрида чанг миқдорини камайтириш ва ҳаво намлигини ошириш мақсадида қарийб 100 та махсус техника ёрдамида кўчаларга сув сепилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, йўл қопламаларини мунтазам намлаш чангнинг ҳавога кўтарилишини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, пойтахтдаги фавворалар ва суғориш тизимлари ҳам ишга туширилмоқда.
Ҳокимлик маълумотига кўра, мазкур чоралар шаҳар микроиқлимини яхшилаш, ҳаводаги чанг миқдорини камайтириш ва аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишига ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, ёғингарчиликнинг камлиги, шамол режими ҳамда атмосфера ҳавосининг алмашинуви билан боғлиқ жараёнлар ҳаво сифатига таъсир қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ҳафталарда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати бир неча бор ёмонлашди. Хусусан, ҳаводаги майда PM2.5 заррачалари миқдори халқаро ҳаво сифати индекси бўйича «носоғлом» ва «жуда носоғлом» даражаларга етгани қайд этилган.






