Ўзбекистон мусулмонлари идораси закотни муддатидан аввал бериш, карантинга амал қилиш, нархлар ва миш-мишлар ҳақида фатво берди

ЖАМИЯТ 07.04.2020, 18:18
Теглар: #ваҳимасизкарантин, Мусулмонлар идораси, закот, миш-миш
Ўзбекистон мусулмонлари идораси закотни муддатидан аввал бериш, карантинга амал қилиш, нархлар ва миш-мишлар ҳақида фатво берди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси айни пайтда мамлакатдаги вазиятни эътиборга олиб, бир неча фатволарни эълон қилди.

"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шаръий истилоҳда улар “Беш зарурат”, деб номланади..

Барча самовий динлар ва соғлом ақл эгалари уларни асраб-авайлаш шартлиги борасида якдил фикрдалар. Жонни асраш борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, - деганлар (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутний ривоятлари). Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.

Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром

Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Чунки у, одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда, хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки ўзаро жипслик ҳар қандай жамиятнинг қувват таянчидир. Қуръони карим миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Уларнинг ҳаммасини ҳалокат билан қўрқитган. Яъни:

 “Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар” (Аҳзоб сураси 60-оят) 

Мазкур ояти каримадаги “Муржифлар” бугунги кун луғати билан айтганда миш-миш тарқатувчилардир. Шунинг учун ҳам шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда.

Қуръони Карим ўзига келаётган хабарларни текширмай, уни ким гапирганига эътибор бермай тарқатишни мунофиқликнинг белгиси деб санаган. Аллоҳ таоло: "Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз" (Нисо сураси, 83-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабарларни тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтармоқда.

Бундан шуни хулоса қиламизки ҳар бир инсон эшитган хабарлари тўғри ва  жамият ёки шахсларга зарар бермасагина уни тарқатишда аниқ ва ишончли манбаларга таяниш вожиб экан. Аммо хабар ёлғон бўлса ёки тўғри бўлсада уни тарқатиш оммага зарар келтирса, уни тарқатиш жоиз бўлмайди.

Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир.

Вабо тарқалганда нархларни сунъий равишда ошириш ҳаром

Вабо тарқалган даврда одамларни янада қийинчиликка дучор қилиш, айниқса, одамларни кундалик озуқаларини ва тиббиёт воситаларини қимматлаштириш оддий ҳолдаги иҳтикордан кўра гуноҳи қаттиқроқ ва оғирроқдир. 

“Иҳтикор” сўзи шаръан озиқ-овқат ва шунга ўҳшаш нарсаларни сотиб олиб, уни то нархлар қимматлагунгача бозорга чиқармай ушлаб туришдир. Иҳтикор шаръан ҳаромдир.  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилур”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Кимки, бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, у кимса Аллоҳдан безор эканини эълон қилибди, Аллоҳ ҳам ундан безор бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлидан бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилибди” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Қолаверса, иҳтикорда одамларнинг молларини ботил йўл билан ейиш ва маҳсулотларни етишмаслиги сабаб кўпчиликни ваҳима ва саросимага тушириш бор.

Шунинг учун Ислом дини жамиятга зарар бўладиган ҳар қандай манополистик ҳатти-ҳаракатни ҳукумат томонидан тўхтатилишини ёқлайди. Шунингдек, бундай пайтда ҳукуматни нарх қўйишда ҳаддан ошганларни тартибга солиши динимиз талабига мувофиқдир. Чунки бунда кўпчилик одамларнинг манфаатлари ётади.

Шуни таъкидлаш керакки, баъзида одамларнинг ваҳима ва даҳшатга тушишлари ўзларига айни пайтда керак бўлмаган маҳсулотларни ҳам ҳарид қилишларига олиб келади. Бу эса, монополистлар томонидан нархларни кўтарилишига сабаб бўлади. Шунинг учун киши доимо исрофга йўл қўймаслиги ва ўртамиёна бўлиши талаб қилинади. Қийинчилик пайтида бу қоидаларга амал қилиш янада зарурроқ бўлади.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳуга одамлар гўштнинг нархи ошиб кетганини шикоят қилганларида, У зот: “Уни арзонлаштиринглар” дедилар. Шунда, одамлар: “Қандай арзонлатамиз, у бизни қўлимизда эмаску? ” деганларида. У зот: “Улардан гўшт сотиб олманглар, шунда арзонлашади” деб жавоб бердилар.

Пандемияда чиқарилган тартиб-қоида ва қарорларга амал қилиш вожиб.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилган (Нисо сураси 59-оят).

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса карантин вожиб бўлади. Бундай пайтда ишлар соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, барчага расмий идоралар томонидан чиқарилган қонун-қоида ва чора-тадбирларга амал қилиш лозим бўлади. Биринчи навбатда касалликни кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан жорий қилинган карантинга амал қилиш зарур.  

Бу масалага далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: Абдураҳмон инб Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вабо касаллиги борасида шундай деганлар: “Агар бир жойда касаллик (вабо) борлигини эшитсангиз у жойга борманг. Агар сиз турган жойда касаллик тарқалса, ундан қочиб бошқа жойга чиқиб кетманг” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадисдан очиқ-ойдин маълум бўлдики, вабо қаерда тарқалса, бирор-бир киши учун вабодан қочиб бошқа жойга бориши дуруст эмас. Агар киши вабо тарқалган жойдан ташқарида бўлса, ичкарига кириши дуруст эмас. Бу нарса вабо касаллиги тугагунгача давом этади.

Юқоридаги ҳадисни қуйидаги Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шариф қўллаб-қуватлайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Моховдан шердан қочгандек қочгин” деганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг соғлом билан касални бир-бирига аралашмаслиги борасидаги кўрсатмаларини ҳатто ҳайвонот оламига ҳам тегишли экани кишини ҳайратга солади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Киши касал туялар ёнига соғлом туяларини ҳайдаб бормасин ”

Фиқҳий қоидалардан бири шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.

Ҳар қандай юқумли касалликка чалинган киши касаллигини бошқаларга ҳам юқтириб, соғлом инсонларга зарар етишига сабабчи бўлиб, натижада ўзи гуноҳкор бўлмаслиги учун ўзини нохуш сезган вақтида зудлик билан шифокорга мурожаат қилиши лозим бўлади.

 Шаръий ҳукмлар инсон манфаатларига зид эмас

Жума намози ва жамоат намозларига қатнашиш Исломнинг шиорларидан ҳисобланса-да, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш – Пайғамбарларнинг юборилишидан кўзланган олий ҳикматдир.  Пайғамбарлар олиб келган аҳкомлар “Ўрни келганда инсон манфаатлари Ислом шиорларидан устун туриши”ни таъкидлайди. Жума намози фарз, жамоат бўлим намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади ва инсонларни масжидларда тўпланишларидан қайтарилади.

Соҳа мутахассисларининг масжидда ёки бошқа жойларда одамларни бир жойда тўпланиши хатарли экани, вируснинг кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида тавсияларига биноан давлат мутасаддилари одамларни тўпланишларига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилса барча ушбу қарорга амал қилиши, гарчи жума ва жамоат намозларига бўлса ҳам хавф бартараф бўлгунига қадар тўпаланишдан сақланишлари лозим бўлади.

Ҳеч бир кимса ушбу қарорга қарши иш қилиши ҳалол эмас. Бу хоҳ масжид ичидан эшикларини қулфлаб, озчилик бўлиб жума ёки жамоат намозини адо этиш бўладими ёки масжид олдида ёки ҳовлисида ёхуд унинг ҳудудида тўпланибми фарқи йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва аҳкомларига очиқ қарши чиқишдир. Шунингдек, шариатга ва унинг қуйидаги қоидаларига қарши чиқишдир. Яъни: 

“Зарар кўриш ҳам, ўзгага зарар бериш ҳам йўқ”;

“Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан устундир”.

Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан карантин даврида то вазият барқарорлашгунга қадар жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимаслик ҳақида чиқарилган Фатво талабларига қарши хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жоиз эмас.

Закотни вожиб бўлиш муддатидан аввал бериш жоиз

Ислом барча кўриниш ва шаклларда ижтимоий бирдамлик тамойилини қўллаб-қувватлайди. Агар уни одатдаги пайтларда қўллаб-қувватласа, у хавфсизликка эришгунга қадар ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлган инқироз, пандемия, фавқулодда ва оғир вазиятларда уни фарз қилади.

Қолаверса, меҳр-мурувватнинг энг кўзга кўринган шакллари бу – эпидемиянинг тарқалишидан азият чекканларга, бева аёлларга, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиш каби хайрли ишлардир.

Шунингдек, сурункали хасталар ҳамда муҳтож бўлган нарсаларига эриша олмайдиган кексаларга хайрия маблағлари, хайр-эҳсон ёки закот маблағларидан ёрдам бериш лозим.

Жумҳур уламоларнинг фикри шундан иборатки, бир ёки икки йил учун аввалдан закотни адо этиш жоиз. Бугунги кунда шундай фатво беришга эҳтиёж ҳам мавжуд. Бунинг жоизлигига Имом Aбу Довуд ва бошқалар ривоят қилган: “Aббос ибн Aбдулмутталибнинг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан закотини аввалдан беришга рухсат сўраганларида У зот унга изн берганларлари” ҳақидаги ҳадис далолат қилади.

Демак, закот пулларини белгиланган муддатдан олдин камбағаллар ва эҳтиёжмандлар манфаати учун аввалдан адо этиш шаръан мустаҳаб ишдир. Бу – “COVID-19” пандемияси дунёни қамраб олган ва ёрдамга муҳтож ва камбағалларнинг кўплари зарар кўрган бир пайтда уларнинг эҳтиёжларини қондириш шариатнинг олий мақсадларидан. Фитр садақасига келсак, у Рамазон ойининг биринчи кунидан бошлаб охирги кунигача адо этилиши мумкин.

                Аллоҳ таоло тез кунларда дунё халқлари устидан хусусан, юртимиздан коронавирус балосини даф этсин. Ушбу дардга мубтало бўлган беморларга шифои комил ато айласин. Ҳалқимизни ушбу балони олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, ундан сақланиш борасидаги тавсияларга астойдил амал қилишларига тавфиқ ато этсин".

  Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

#ваҳимасизкарантин

Шарҳлар

"Ўзини яккалаш" ҳаёт тарзида озиқ-овқат маҳсулотлари хариди бўйича 5 та энг муҳим тавсия

08.04.2020, 09:31

Хабарингиз бор, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида  жорий йил 6 апрелдан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари...
Наманганда 2 ойлик чақалоқ коронавирус инфекциясига чалинди

08.04.2020, 09:02

 Наманганда коронавирус инфекциясига чалинганлар орасида 2 ойлик чақалоқ ҳам борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Дарё» ёзди.Маълум бўлишича, Туркия орқали Умра сафарига бориб келган аёл ва...
Карантинни бузган шахс отиб ўлдирилди

08.04.2020, 08:50

Аввал хабар берганимиздек, Филиппин президенти Родриго Дутерте полиция ва қуролли кучларга карантин вақтида тинчлик ва тартибни бузиб, норозилик намойишини ўтказаётган фуқароларга қарата ўқ узиш бўйича...
Ўзбекистондаги коронавирус Хитойда тарқалганидан фарқ қиладими?

07.04.2020, 20:01

#Ваҳимасиз карантин — Бирга енгамизҲозир Ўзбекистонда тарқалаётган коронавирус инфекцияси дастлаб Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекциясидан фарқ қиладими? Ушбу инфекцияда ўзгариш жараёни, мутация ҳолати юз берган...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1