Америкалик миллиардер Билл Гейтс коронавирусга қарши вакцина учун бир ярим йил керак бўлиши мумкинлигини айтган. Бу ҳақда BBC News O’zbek хабар бермоқда.
Билл Гейтс янги вакцина учун ажратилаётган маблағлар етарли эмаслигини урғулаган.
"Мен ва тиббиёт соҳаси экспертлари бир пайтлар пандемия инсоният қачондир юз тутадиган йирик офатлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик" - деган Билл Гейтс Би-би-си билан суҳбатда.
"Ҳали 2015 йили мен шундай хавф ҳақида айтганман. Энди ортга қараб, етарлича маблағ ва сармоя ажратмаганимиздан пушаймон бўламиз".
"Биз эпидемиядан ҳимояланиш учун етарли маблағ ажратмаганмиз" - урғулаган филантроп миллиардер.
"Тўғри, Эпидемияларга ҳозирлик соҳасида инновациялар иттифоқини (CEPI) туздик. Аммо бу қилишимиз мумкин бўлган ишларнинг атиги 5% эди, холос".
"Вақт ўтиши билан ортга қараймиз ва ўшанда жуда ҳам кам сонли мамлакатларга "аъло" баҳо бериш мумкин бўлади" - деган Билл Гейтс.
"Чунки аксарият ҳозир шунчаки содир бўлаётган воқеликка қарши нимадир қилишга уринмоқда".
"Ҳеч ким бунга тайёргарлик кўрмади ва нима бўлиши мумкинлиги устида ўйламади".
"Оқибатда биз ҳозир тиббиёт ва иқтисодий сиёсат борасида мутлақо мавҳум аҳволда қолдик".






