Москва шаҳридаги қариялар яшайдиган хусусий пансионатларидан бирида тунда ёнғин чиққан. Пансионат ёнида жойлашган ишчилар ётоқхонасида яшайдиган ўзбекистонлик, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ёнғинда қолган қарияларни қўлларида кўтариб ташқарига олиб чиқиб, ҳаётларини сақлаб қолишган.
Бу ҳақда россиялик машҳур блогер Islam Guseynov видео тайёрлаган.


Лавҳада самарқандлик Нурбек (Нурик), Азиз исмли юртдошларимиздан қисқача интервьюлар ҳам олинган. Улар ўз сўзларида ҳар қандай одам қилиши керак бўлган ишни қилганини оддийгина қилиб изоҳлаган. Блогернинг қайд этишича, бу йигитларга кейинчалик медал ҳам бермоқчи бўлишган. Улар ўз сўзларида ҳар қандай одам қилиши керак бўлган ишни қилганини оддийгина қилиб изоҳлаган. Бироқ, улар “бизга медал эмас, иш бўлса бас”, деган жавобни берган.
Ўз А мухбири ҳамюртларимизнинг бу жасоратлари ҳақида видеолавҳа тайёрлаб, ўзининг YоuTube каналида эълон қилган россиялик машҳур блогер Islam Guseynov билан суҳбатлашди.
– Ислам, бу видеолавҳани тайёрлашга сизни нима мажбур қилди?
– Инсонийлик бурчим туфайли бу видеолавҳа тайёрланди. Ушбу воқеадан хабар топганимдан сўнг асл қаҳрамонларни кўрсатишни мақсад қилдим.
— Бу воқеа ҳақида қандай хабар топдингиз?
— Ижтимоий тармоқлардаги каналларимда турли мамлакатлар фуқаролари, турли миллат вакиллари бор. Улар ўзлари гувоҳ бўлган қизиқарли воқеалар ёки муаммолари ҳақида хабарлар юбориб туришади. Тўғрисини айтсам, келаётган хабарлар, видеолар жуда кўп. Ҳаммасига эътибор қаратиш жисмонан мумкин эмас. Аммо шундай воқеалар бўладики, уни битта нигоҳ билан дарров илғайсан, у ҳақда гапирмаслик иложсиз бўлади.
— Видеода қаҳрамонлар шахсига нега аниқлик киритмагансиз?
— Тўғриси, уларнинг ўзи буни истамаган. Кўплаб меҳнат муҳожирлари ўзи ҳақида тўлиқ маълумот беришга кўп ҳолларда жуда чўчийди. Шундоқ ҳам қийин вазиятини баттар қилмаслик учун ҳам. Ахир олдиндан билиб бўлмайди, ким қандай муносабатда бўлишини.
— Бу видео учун сиздан бутун халқимиз жуда миннатдор бўлди. Бундан олдин ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ чиқишлар қилганмисиз?
— Ўзбекистон – мен учун севимли ўлка. Биламан, бу юртда меҳр-оқибатли одамлар яшайди. Россияда юрган ўзбекларни кузатиб шу фикрга келганман. Баъзан меҳнат муҳожирлари ҳақида турли салбий фикрлар ҳам билдирилади. Аммо улар орасида ҳар қандай шароитда ҳам инсон бўлиб қолаётган чинакам инсонлар жуда кўп. Асл инсонийликка дуч келганда эса буни олиб чиқишга доим ҳаракат қилганман. Мен уларнинг мамлакатига, миллатига қараб ажратмайман.






