Коронавирус билан касалланганларга агар ногиронлик аломатлари пайдо бўлмаса ногиронлик белгиланмайди. Аммо касаллик варақаси бериш мумкин. Бу ҳақда Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Хўш, касаллик неча кунга берилади?
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 март, 25-сон буйруғи билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 апрелда 2667 рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”ни 8-бобида карантин вақтида касаллик варақалари бериш тартиблари белгиланган.
Карантинда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бериш :
- Бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар (Коронавирусга чалинганлар) ишдан четлаштирилиб, иш берувчи томонидан мумкин бўлган иш билан таъминланмаганда, даволаниш даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
- Давлат санитария назоратини амалга ошираётган мансабдор шахс томонидан бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахсларни ишдан четлаштириш ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касаллик билан оғриган беморларни (Коронавирусга чалинганлар) шифохонага ётқизиш талаб қилинганда даволовчи шифокор томонидан мазкур мансабдор шахс томонидан белгиланган муддат даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
- Карантинда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.
ХУЛОСА :
Коронавирус билан касалланган бемор меҳнат фаолияти билан шуғулланган тақдирда юқумли касалликлар шифохонасидан касаллик тарихидан кўчирма билан биргаликда даволанганлик даври учун касаллик варақаси тақдим этилади, сўнг ушбу касаллик варақаси амбулатор равишда давом эттирилади.
Мутахассислар фикрига кўра: Короновирус касаллиги ҳали тўлиқ ўрганилмаганлиги, соғайгандан кейин ҳам аҳлат, балғамларда вирус аниқланганлиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар борлиги, шунингдек Коронавирусга чалинган беморнинг ишга чиқиши атрофдагиларда ваҳима, бошқача муҳит уйғотиши мумкинлиги, беморнинг руҳий-эмоционал ҳолати меҳнатга лаёқатсизлик ҳолатига олиб келиши мумкинлиги асоси бўйича, организм функцияларининг вақтинча бузилишидан келиб чиқиб “ Ўткир респиратор вирусли инфекция” ташхиси билан яшаш ҳудуди тиббиёт муассасаси, одатда Марказий поликлиника инфекционисти ёки оилавий поликлиникадаги ҳудуд умумий амалиёти шифокори, врачлик консультатив комиссияси (ВКК раиси) раислари томонидан 4 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланиши мумкин, бунда Коронавирус билан касалланган бемор тузалганидан кейин стационар ҳолатдан амбулатор равишда даволанишга ўтганида 4 ой ( 120 кун) даволаниши шарт эканлигини билдирмайди, ундан оз муддатларда ҳам ишга меҳнатга лаёқатли бўлиши мумкин, бунда организм (ўпка, буйрак, юрак ва бошқа органлар) функцияларининг вақтинчалик бузилиши даражасига қараб белгиланади.
Алоҳида ҳолатларда ходим масофадан туриб иш фаолиятини давом эттириши мумкинлиги бундан мустасно.






