АсосийЖАМИЯТ

Томди суди раиси нега йўлга чиққанди?

Олий суд тарқалган хабарга изоҳ берди.

'Томди суди раиси нега йўлга чиққанди?'ning rasmi

Олий суд Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева мажлисга кетаётган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 15 август куни тушга яқин Зарaфшон—Томди йўлида содир бўлган. Азиза Мирзаева бошқарувидаги Cobalt автомобиль йўлдан чиқиб, ағдарилиб кетган. Судья олган оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов 15 август дам олиш куни бўлишига қарамай, Олий суд раҳбарияти томонидан бутун суд тизими учун мажлис ўтказилганини ёзган. Унинг қайд этишича, шаҳар ва туман судлари раҳбарларига мажлисда ўз кабинетларидан видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш топширилган.

Олий суд эса бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. Қайд этилишича, 15 август куни Олий суд томонидан ҳеч қандай мажлис белгиланмаган ва ўтказилмаган. Шунингдек, суд раисларининг дам олиш куни хизмат жойига келишини талаб қилувчи ҳеч қандай топшириқ берилмаган.

"Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа ҳолатларига ҳуқуқий баҳо ваколатли органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда берилади. Текширув якунланмасдан туриб марҳуманинг қаерга ва қандай мақсадда йўл олгани ёки ҳодиса сабаблари ҳақидаги тахминларни тасдиқланган факт сифатида тарқатиш ўринсиз", — дейилади Олий суд муносабатида.

Олий суд текширилмаган маълумот ва асоссиз тахминларни тарқатмасликка чақирди.

    Бошқа янгиликлар

    Томди суди раиси нега йўлга чиққанди? - Darakchi.uz