Тошкент шаҳрида кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари маълум қилинди. Баҳолаш жараёнида 600 мингдан ортиқ квартира ва 213 мингдан зиёд ҳовли-жой қайта баҳоланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахтдаги квартираларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 трлн сўм бўлган. Оммавий баҳолашдан сўнг уларнинг умумий қиймати 426,7 трлн сўм этиб белгиланган.
Ҳовли-жойларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, қайта баҳолаш натижасида бу кўрсаткич 548,4 трлн сўмга етган.
Шу тариқа, янги баҳолашда кўчмас мулк қиймати аввалги кадастр қийматига нисбатан квартираларда қарийб 7,4 баравар, ҳовли-жойларда эса 14 баравар юқори бўлган.
Баҳолаш натижаларига кўра, Тошкентда квартираларнинг бир квадрат метри ҳудудга қараб 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача, бир сотих ернинг қиймати эса 115 млн сўмдан 890 млн сўмгача баҳоланган.
Ҳисоб-китобларда объектнинг жойлашуви, майдони, қурилган йили, қаватлари, қурилиш материаллари ва транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилмага яқинлиги каби омиллар инобатга олинган. Шунингдек, бозордаги таклифлар, риэлторлар маълумотлари ва нотариал расмийлаштирилган олди-сотди битимлари таҳлил қилинган.
Вазирликка кўра, оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Мулкдорларга баҳолаш натижалари ҳақида СМС орқали хабар берилади. Улар ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиши, аниқланган хатолар ҳақида хабар бериши ва натижани қайта кўриб чиқишни сўраши мумкин.
Натижалардан норози бўлган мулкдорлар эса мустақил баҳолаш ўтказиш учун баҳоловчи ташкилотни жалб қилиш ҳуқуқига эга.






