Тошкентда ўтказилган текширувлар давомида тўртта дорихонада мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 86 турдаги дори воситаси аниқланиб, савдодан олинди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази маълум қилишича, текширувлар лицензия талабларига риоя этилишини ўрганиш доирасида ўтказилган. Бунга "Арзон аптека" Telegram-ботида жойлаштирилган дори воситалари ҳақидаги эълонлар асос бўлган.
Шунингдек, дорихоналардан бирида яроқлилик муддати ўтган беш турдаги дори воситаси сотувда тургани аниқланган. Яна бир дорихона эса чакана савдо учун берилган лицензия муддати тугаган бўлса-да, фаолиятини давом эттирган.
Марказ фуқароларни дориларни фақат қонуний фаолият юритаётган дорихоналардан харид қилишга чақирди. Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонлардан эҳтиёт бўлиш, дори воситаларининг сифати ва қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш тавсия этилди.






