Ўзбекистоннинг 1,4 млн нафарга яқин фуқароси 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 14 август куни эълон қилинган таҳлилида маълум қилинди.
Меҳнат мигрантларининг энг кўпи Россияда — 834,2 минг нафар. Қозоғистонда 84,4 минг, Туркияда 72,1 минг, Жанубий Кореяда 46,4 минг нафар ўзбекистонлик ишламоқда. Европа давлатларида эса 258 минг нафар фуқаро меҳнат қилмоқда. Яна 97,7 минг нафар мигрант бошқа давлатларга тўғри келади.
Хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг 398,9 минг нафари, яъни 28,6 фоизи аёллардан иборат. Ёшлар улуши эса 28,9 фоизни ёки 402,1 минг нафарни ташкил этади.
Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг йўналишлари ҳам ўзгармоқда. МДҲ давлатларининг улуши 29 фоизга камайган бир пайтда Европа мамлакатларига йўналиш 42 фоизга, Шарқий Осиёга эса 26 фоизга ошган.
Миграция агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳозирда 23 та давлат билан ташқи меҳнат миграцияси бўйича 48 та келишувга эга. 2025–2026 йилларда 14 та давлат билан 18 та ҳукуматлараро ва идоралараро келишув имзоланган.
Шунингдек, 36 та давлатдаги 325 дан ортиқ йирик иш берувчи ва рекрутинг компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Германия, Британия, Италия, Испания, Швеция, Франция, Болгария, Румыния, Словакия, Словения, Сербия, АҚШ ва Япония истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилган.
Ушбу давлатларда ўзбекистонликларни савдо ва хизмат кўрсатиш, тиббиёт, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, пайвандлаш, металлга ишлов бериш, нефть-газ ва кончилик соҳаларига жалб қилиш режалаштирилган.






