1

Тўғри, уйда ўтириш осон иш эмас. Карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат кўриб чиқамиз — Шавкат Мирзиёев

СИЁСАТ 14.04.2020, 20:52
Тўғри, уйда ўтириш осон иш эмас. Карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат кўриб чиқамиз — Шавкат Мирзиёев

Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Унда давлат раҳбари аҳолини карантин пайтида қўллаб-қувватлаш ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида тўхталди. 

Бизнинг олдимизда 34 миллионлик азиз халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш вазифалари ҳам турибди. 

Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз.

Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз.

Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз.

Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган чуқур маъноли сўзлар бор.

Чиндан ҳам, мана шундай мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз, – деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, марказий идоралар раҳбарларидан, бошқа мутасаддилардан улар бириктирилган ҳудудларда ҳар бир бемор аҳволи юзасидан ҳисобот олди, яратилган шароитлар ҳақида батафсил сўраб суриштирди.

Ундан ташқари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт илмий марказлари раҳбарлари ўзлари масъул бўлган ҳудудлардаги ҳар бир бемор ҳолидан шахсан хабар олишлари, давлатимиз томонидан яна қандай шароит ва ёрдам кераклиги устида тинимсиз қайғуришлари зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳеч бир фуқаро қийинчилик билан юзма юз қолмаслиги яна бир бор алоҳида қайд этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1