Вирус тарқалиши сабабли Ҳиндистон ва Кенияда қабул қилинган чеклов чоралари жаҳонда чой етказиб бериш ҳажмига хавф солмоқда, деб ёзади Financial Times манбасига таяниб Uzanalitika.com.
Ҳиндистонда чеклов чоралари 25 мартдан 14 апрелгача киритилганди, аммо сешанба куни мамлакат бош вазири Нарендра Моди чекловлар 3 майгача узайтирилишини эълон қилди.
Қайд этилишича, Ассам ва Даржилинг ҳудудларида чой ҳосилини йиғиб олиш мавсуми бошланган вақтда иқтисодий фаолият тўхтатилган.
"Биз кўп миқдордаги ҳосилни йўқотяпмиз. Аксарият хўжаликлар жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда", деди Tea Board of India ташкилоти раҳбари Прабхат Безборуах.
Warren Tea компанияси президенти Вивек Гоенканинг сўзларига кўра, даржилинг чойининг биринчи ҳосили йўқотилган, тез вақт ичида фаолият бошланмаса, иккинчи ҳосилдан ҳам айрилиш мумкин.
Африкадаги чой ишлаб чиқарувчи давлатлар, хусусан Кенияда пандемия боис маҳсулотни плантациядан портларга етказиб бериш издан чиққан, деб ёзади Minitec таҳлилчиси Иби Идонибойе.
Кения ҳукумати ҳам ўтган ҳафтада уч ҳафталик чеклов чоралари жорий этилишини эълон қилди.
Инқирозга қадар чой ишлаб чиқариш соҳаси таклифнинг кўплиги ва нархлар тушиши муаммоларига дуч келганди. Март ойида Кения, Ҳиндистон ва Шри-Ланкада экспорт нархлари кейинги 11 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. Чой ишлаб чиқарувчи компаниялар пандемия сабабли даромаднинг камайиши вазиятни янада ёмонлаштиришидан хавфсирамоқда.
COVIDни тўхтатиш ёки иқтисодиётни қутқариш? Иккаласини ҳам эплаш мумкинми?
АҚШнинг кўплаб штатларида ижтимоий масофаланиш чоралари кўрилгандан сўнгги илк бандлик тўғрисидаги ҳисоботда Меҳнат вазирлиги 3,3 миллион киши ишсизлик нафақаси олиш учун ариза берганини маълум қилди. Орадан бир ҳафта ўтиб, апрелнинг илк ҳафтасида яна 6,6 миллионта ариза келиб тушди. Бу 1982 йилги 695 000 та аризадан иборат рекордни бу рақамлар билан умуман солиштириб бўлмайди.
Бироқ, ушбу рақамлар мавжуд инқирозни тўлиқ қамрай олмайди, чунки уларга ярим иш ўринлари, ўз-ўзини иш билан банд қилганлар ва эркин ишлайдиганлар кирмаган, аммо улар ҳам тирикчилик манбаидан узилиб қолмоқда. Молия соҳаси экспертлари АҚШ ЯИМи ёзга бориб, 30 – 50 фоиз қисқаришини башорат қилмоқда.
Март ойининг охирида президент Доналд Трамп “даволаш муаммонинг ўзидан баттар” бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини, бутун мамлакат ўша пайтда икки ҳафта қолган Пасха байрамига қадар ишга қайтажагини маълум қилган эди. Чикаго университети иқтисодчиси ва президент ҳузуридаги иқтисодиёт маслаҳатчилари кенгашининг собиқ аъзоси Кейси Маллиган вирус тарқалишини камайтириш учун ҳеч иш қилмасликдан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкинлигини айтади.
Ниҳоят, Оқ Уй касалликнинг назоратсиз тарқалиши моделини ишлаб чиқди. Унга кўра, агар бу касалликни назоратсиз тарқалишига қўйиб берилса, натижада 2,2 миллион америкалик қурбон бўлиши мумкинлиги башорат қилинди, бу бошқа эпидемиологларнинг ҳисоб-китобларига ҳам мос тушади. Трамп тезроқ ишга қайтиш даъватидан воз кечиб, ижтимоий масофаланиш йўриқномаларига амал қилишни апрель охирига қадар узайтирди. Лекин асосий далил барибир сақланиб қолаверди: коронавирус эпидемияси даврида иқтисодиётни қутқариш билан одамлар ҳаётини сақлаш ўртасида оғриқли муроса мавжуд.
Бироқ тадқиқотлар далолат беришича, бу нотўғри дихотомиядир[1]. Аслида энг яхши йўл иқтисодий зарарни чеклаш ва имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишдир.






