АсосийДУНË

Ғазода тинчлик режаси фонида қонли кун: 18 фаластинлик ҳалок бўлди

Трампнинг тинчлик келишувини назорат қилувчи "Тинчлик кенгаши" вакили Николай Младенов душанба куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамда бошқа расмийлар билан учрашган.

'Ғазода тинчлик режаси фонида қонли кун: 18 фаластинлик ҳалок бўлди'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо урушига барҳам бериш ва ҲАМАСни қуролсизлантиришга қаратилган келишувни олқишлаётган бир пайтда, ҳудуд аҳолиси вазият яхшиланмаётганини айтмоқда. Исроил зарбалари оқибатида бир кун ичида 18 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Трамп 31 июль куни Ғазода тинчлик режасини амалга ошириш бўйича "катта қадам" ташланганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ҲАМАС қуролсизланади ва Исроил қўшинлари босқичма-босқич ҳудуддан чиқарилади.

Бироқ амалда вазият кескинлигича қолмоқда. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац якшанба куни Исроил армияси ҲАМАС қуролсизланмагунча ва ер ости туннеллари йўқ қилинмагунча Ғазодан чиқмаслигини билдирди.

The sun sets over Gaza

ҲАМАС эса келишувнинг қурол масаласига оид қисми амалга оширилишидан олдин Исроил ҳужумларни тўхтатиши кераклигини талаб қилмоқда.

Трампнинг тинчлик келишувини назорат қилувчи "Тинчлик кенгаши" вакили Николай Младенов душанба куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамда бошқа расмийлар билан учрашган. Кенгаш маълум қилишича, асосий мақсад Ғазодаги барча қуролларни йўқ қилиш ва ҳудуд бошқарувини қуролли гуруҳлардан фуқаролик бошқарувига ўтказишдан иборат.

Шу билан бирга, фаластинлик расмийлар келишув муҳокамаларида фақат қуролсизланиш масаласига урғу берилаётгани, аммо ўт очишни тўхтатиш ва Ғазога қарши ҳужумларни бас қилиш каби бандлар эътибордан четда қолаётганидан хавотир билдирган.

Ғазода эса одамлар тинчлик умиди сўнаётганини айтмоқда. Ҳудуднинг катта қисми Исроил ҳарбий амалиётлари оқибатида вайрон бўлган.

Ғазо шаҳрида яшовчи 32 ёшли Оя Муҳаммад Закки Reuters агентлигига телефон орқали берган интервьюсида сўнгги кунлардаги ҳужумларни тасвирлаб, "Гўё уруш яна бошлангандай эди. Ҳар бир соат ёки ундан ҳам қисқа вақт ичида ҳужумлар бўлди", деган.

Military vehicles operate on the border with Gaza

Маълумотларга кўра, якшанба куни ҳалок бўлганлар орасида Ғазо шаҳридаги хонадонга берилган зарба оқибатида вафот этган эр-хотин ва уларнинг фарзанди ҳам бор. Исроил армияси мазкур ҳужумларда ҳарбий объектлар нишонга олинганини билдирган.

Миср, Қатар ва Туркия воситачилари эса давом этаётган ҳужумларни қоралаб, бу ҳолат келишув шартларига зид эканини таъкидлаган.

Айни пайтда Исроил Ғазо ҳудудининг 60–70 фоизини назорат қилаётганини маълум қилган. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац бу ҳудудларда ҳарбийлар ҲАМАС туннелларини қидираётганини айтган.

Ғазо аҳолиси эса яна кўчирилиш хавфидан қўрқмоқда.

60 ёшли Сумаҳ Давла яшайдиган ҳудуд яқинида Исроил томонидан белгиланган "сариқ чизиқ" кенгайганини айтган.

"Биз исталган вақтда кўчирилишни кутиб турибмиз. Бутун ҳаётимиз йўқолди, келажагимиз йўқолди, фарзандларимизнинг келажаги йўқолди", — деган у.

Давла оиласи каби Ғазодаги миллионлаб одамлар уруш бошланганидан бери бир неча марта уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Фаластинликлар Трампнинг тинчлик режаси эълонидан кейин вазият ўзгаришига умид қилган, аммо уларнинг сўзларига кўра, аксинча, вайронгарчилик ва кўчиришлар янада кучайган.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, октябрь ойида келишув бўйича режа илгари сурилганидан бери Исроил зарбалари оқибатида камида 1230 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир.

Исроил расмийлари эса шу даврда тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлганини билдирган.

Ҳозирча томонлар ўртасидаги келишувнинг кейинги босқичи бўйича музокаралар давом этмоқда, аммо Ғазода яшаётган фуқаролар учун уруш оқибатлари ҳануз бартараф этилгани йўқ.

    Бошқа янгиликлар

    Ғазода тинчлик режаси фонида қонли кун: 18 фаластинлик ҳалок бўлди - Darakchi.uz