Улардан уч нафари портлашлар оқибатида ҳалок бўлган, яна бири эса қуролли ҳужумда оғир жароҳат олган. Бу ҳақда Meduza нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, сўнгги нишон Россия Аэрокосмик кучлари қўмондони Александр Чайко бўлган. Жорий йилнинг 1 август куни Москвадаги “Balzi Rossi” ресторани яқинида содир бўлган портлаш айнан унга қарши уюштирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бироқ Россия расмийлари ушбу воқеа юзасидан ҳозирча батафсил маълумот бермаган.
Meduza қайд этишича, сўнгги йиллардаги энг шов-шувли ҳодисалардан бири Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари раҳбари Игорь Кирилловнинг ўлими бўлган. У 2024 йил декабрь ойида Москвада уйидан чиқаётган вақтда скутерга ўрнатилган портловчи мослама портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Портлашда унинг ёрдамчиси ҳам вафот этган.
Шунингдек, 2025 йил апрель ойида Россия Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ярослав Москалик Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида автомобилга ўрнатилган портловчи мослама ишга тушиши оқибатида ҳалок бўлган.
Нашрда келтирилишича, жорий йил февраль ойида Россия Бош штаби Бош разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари Владимир Алексеевга қарши ҳам суиқасд уюштирилган. У Москвадаги уйи кириш қисмида содир бўлган қуролли ҳужумда оғир жароҳат олгани айтилган.
Бундан ташқари, Meduza генерал-майор Азатбек Омурбековга қарши ҳам суиқасд уюштирилгани ҳақида аноним Telegram-каналларида хабарлар тарқалганини ёзган. Бироқ бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Нашрнинг таъкидлашича, Россия расмийлари айрим ҳодисалар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган бўлса-да, ҳужумларнинг аксарияти юзасидан батафсил ахборот тақдим этилмаган.
Meduza хулосасига кўра, Украина билан уруш бошланганидан буён Россия ҳарбий раҳбарлари нафақат фронт ҳудудларида, балки мамлакат ичида ҳам хавфсизлик таҳдидларига дуч келмоқда.






