АҚШнинг Вашингтон штатида содир бўлаётган кучли ўрмон ёнғинлари сабаб 60 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Ёнғинлар юзлаб биноларни вайрон қилган, минглаб одамлар электр таъминотисиз қолган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашр маълум қилишича, Вашингтон штатидаги Спокан шаҳри атрофида учта йирик ёнғин ҳанузга қадар назорат остига олинмаган. Маҳаллий расмийлар аланга тарқалиши давом этаётганини ва вазият мураккаблигича қолаётганини билдирган.
Спокан шаҳри мэри Лиза Браун юзага келган вазиятни минтақа тарихидаги "энг оғир табиий офат" деб атади. У ҳозирда етказилган зарар кўлами баҳоланаётганини, шунингдек, инсонлар ҳаёти билан боғлиқ йўқотишлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Айни пайтга қадар ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ёнғинлар келиб чиқиш сабаблари ҳам ҳали аниқланмаган.

Вашингтон штати Табиий ресурслар департаменти маълумотларига кўра, душанба куни эрталаб штат ҳудудида 16 та йирик ва ҳали назоратга олинмаган ўрмон ёнғини қайд этилган.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати аввалроқ ҳудудда ёнғин хавфи "ўта юқори" даражага етгани ҳақида огоҳлантирган эди. Кучли шамол ва одатдагидан қуруқ об-ҳаво аланганинг тез тарқалишига сабаб бўлган.
Спокан шаҳридаги ёнғинлар оқибатида тахминан 700 та бино, жумладан, уйлар, тадбиркорлик объектлари ва бошқа иншоотлар зарар кўрган.
"Avista Utilities" компанияси маълумотига кўра, якшанба куни 10 мингдан ортиқ истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Душанба кунига келиб уларнинг ярмига яқинида электр энергияси қайта тикланган.
Вашингтон штати губернатори Боб Фергюсон фавқулодда ҳолат эълон қилди. У АҚШ Президенти Дональд Трамп билан мулоқот қилганидан сўнг федерал ёрдам сўраган.
Спокан атрофидаги "Old Trails", "Fairview" ва "Autumn Lane" ёнғинлари бирлаштирилиб, "Spokane Complex Fires" деб номланган. Расмийлар маълумотига кўра, кучли шамол таъсирида ёнғин Спокан дарёсини икки марта кесиб ўтган.
Вашингтон Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Гент Уэлш ёнғиндан кейинги манзарани "уруш ҳудуди"га ўхшатди. У вайронагарчилик кўлами унга Ироқдаги ҳарбий хизмати даврини эслатганини айтди.

Спокан округи шерифи Жон Науэлс ҳозирда 14 нафар фуқаронинг хавфсиз эвакуация қилинганини аниқлаш учун улар билан боғланиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.
Айни пайтда ёнғинларни бартараф этиш ишларига 900 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган. Яқин кунларда бошқа штатлардан қўшимча кучлар келиши кутилмоқда.
Мутасаддилар аҳолини ёнғин ҳудудлари яқинида дронлардан фойдаланмасликка чақирмоқда. Сабаби дронлар ёнғинни ўчириш ишларига жалб этилган самолёт ва вертолётлар ҳаракатига халал бермоқда. Якшанба куни дронлар сабаб қутқарув ишлари 26 марта тўхтатилган.
Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши туфайли иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитлари кўпайиб, йирик ўрмон ёнғинлари хавфи тобора ортиб бормоқда.






