Хотира уйғоқки инсон барҳаёт,
Қадр пойидадир умр ҳикмати.
Шу икки туйғу-ла азиздир ҳаёт,
Шу икки сўзда жо инсон сурати.
1945 йил, 9 май жумлаи-жаҳонни ларзага солган, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, ҳаётини издан чиқарган, қалбларини мажруҳ қилган катта муҳорабанинг тинчликка эврилган яъни, фашизм устидан қозонилган ғалаба куни. Бу йил ушбу шукуҳли санага 75 йил тўлади. Бироқ, бу – урушнинг касри, оловли заҳми узоқ йилларга қадар армонли из қолдирганки, неча йил ўтмасин, инсоният у кунларни асло унутмас.
Ғалабанинг 75 йиллигига муносиб тадорик
Мамлакатимизда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини янада кўтаринки тарзда қарши олишга юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Ғалаба боғини яратиш, Шон-шараф музейини ташкил этиш учун жуда катта ишчи кучи сафарбар қилинди, керакли мутхассислар жалб этилди. Ва бу ишчи гуруҳи ўз олдига қўйилган вазифани матонат ила адо этмоқда.
Мамлакатимизда 9 май нафақат ғалаба куни, балки давлатимиз томонидан Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинганига 21 йил бўляпди.
Хотира ва қадрлаш. Мана шу икки сўзда мен ўзлигимизни, миллатимиз қиёфасини кўраман. Негаки, ўзбек халқи ҳамиша аждодлари хотирасига садоқатли, кексаю ёшга меҳру оқибатли бўлиб келган. Бу улуғ қадриятга ҳамиша амал қилинган. Аслида хотира ва қадрлашни бир-биридан айро тасаввур этиш мушкул. Чунки эл-улус орасида, яқинлари бағрида қадр топган инсонгина бу дунёни тарк этганида ҳам меҳр ила ёдга олинади, авлодлар хотирасида ёрқин асралади, тирикликдаги эзгу-амаллари тилдан тилга ўтади, авлодларда давом этади. Айниқса, Ватан озодлиги, миллат ҳурлиги, эл тинчлиги ва осойишталиги йўлида сарф этилган умр, бахшида этилган жон миллат юрагига муҳрланади. Бундай умрлар мангуликка ҳамнафасдир.

Хонадонларимизда амалга ошириладиган бир анъанага кўп бор гувоҳ бўлганман. Яъни, яқинларимизнинг оламдан ўтганига неча йил бўлмасин, ҳар йили ўша куни яқин-йироқдагилар йиғилишиб, уларни яхши хотиралар билан эсга олиш ўзлигимизга хос эзгу амаллардандир. Давлатимиз томонидан 9 май санасининг Хотира ва қадрлаш куни деб, эълон қилиниши эса, бу қадриятни янада юксак миқёсга олиб чиқди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, фронт орти заҳматкашлари ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиш, асрларга туташ хотираларидан баҳраманд бўлиш, ўгит ва насиҳатларига қулоқ тутиш, умр йўлларидан ўрнак олиш барчамиз учун зарур амаллардан биридир. Негаки, қариялари қадрланган элнинг қадри баланд, келажаги нурли. Негаки, Ватан янглиғ тенгсиз масканнинг ҳар осуда лаҳзасини нафақат олмос билаклар, нуронийларнинг нурли дуолари ҳам асраб туради.
Хотира ва қадрлаш куни авлод-аждодларимизнинг сўнги манзили бўлган қабристонларни обод қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан ҳам эътиборга моликдир. Турли сабаблар ила яқинларининг қабрини зиёрат қилишга имкон тополмаганлар учун-да, муҳим фурсатдир, бу сана. Шу кун қабристонларни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш асносида, ўтганлар хотираси ёдга олинади. Хотира азиз, қадр муқаддас, деганларидек, бундай улуғ кунлар муаззам қадриятлар бардавомлигидан далолат.
Хотира ва қадрлашнинг истиқлол авлодлари учун муҳим жиҳатларидан яна бири, мустақиллигимизни асраш йўлида жон фидо этган шерюрак ўғлонларимиз жасорати, тарих зарварақларига муҳрланган азиз номлари мангуликка дахлдор эканидан бонг уриб туради. Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий харакатлар, Бўстонлиқ, Янгиобод, Боткен, Андижон воқеалари, уларда мустақиллигимиз ва тинчлигимизни асраш йўлида мардларча ҳалок бўлган ботир ўғлонлар хотираси унутилмасдир. Улуғбек, Алишер, Баҳром, Бобур, Нариман, Дониёр, Эломон, Сайёр, Юнусжон, Шермуҳаммад, Исматулло, Маҳмуджон… Иккинчи жаҳон уруши муҳорабасида иштирок этган неча минглаб ватандошларимиз фашизм балосига қарши олиб борилган жангларда жон таслим қилган бўлса, бу жасур ўғлонларимиз халқимизнинг асрлик орзуси – истиқлолимизни асраш йўлида кўксини қалқон қилган мардлардир.
Уларнинг ота-оналари билан бўлган суҳбатлардан бирида «Ўғлимнинг эркимиз йўлидаги жасоратини эл-юртимиз унутмайди, бунга ишонаман», деган эди қаҳрамоннинг отаси. Дарҳақиқат, бу элимиз қон-қонига сингиб кетган азиз қадрият. Негаки, миллат учун, унинг истиқдоли учун жонини қурбон қилганларни унутиш, ўзликни унутиш билан баробар. Мен бу шердил ўғлонларни тоғларга қиёслагим келади. Улар метин қоялар янглиғ ҳамиша миллат хотирасида қад ростлаб туради.

Қариялари қадрланган юрт
Кексаларни қадрлаш миллатимизга хос улуғ фазилат. Айниқса, ёши улуғларни эъзозлаш, ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг панд-насиҳатига қулоқ тутиш, парваришлаш ва ардоқлашда бизга етадигани йўқ. Биргина дастурхон атрофидаги ҳолатни олайлик. Ёши катта инсонлар давра тўридан жой олмоғи шарт ва улардан олдин дастурхон неъматларига қўл узатилмайди. Буни ҳатто сабри сайқалланмаган болакайларимиз ҳам яхши англашади. Шунингдек, уларнинг сўзини бўлиб фикр билдирилмайди. Улардан рухсатсиз, уларнинг дуоларисиз дастурхондан турилмайди. Баъзида кексаларимизнинг «қариганинг сари қайтадан ёш болага айланиб, қаровга, меҳрга муҳтож бўлиб қоларкансан», дея хижолатлик ила айтган нолишлари қулоғимизга чалинади. Ҳа, нафақат ўғил-қизларини, набираларини-да кўтариб катта қилган, опичлаб улғайтирган бақувват қўллар, тик қоматлар, ўткир нигоҳлар ҳаёт силсиласида толиқиб, эгилиб, нурсизланиб боради. Яқинлари эътиборига, қаровига муҳтож бўлиб боради.
Ривоят қилишларича, заковатда тенгсиз донишманднинг олдига бир инсон келиб, сўрабди:
– Эй аҳли дониш, бир савол юзасидан узоқ йўл босиб хузурингизга келдим. Марҳаматингизни дариғ тутмай хожатимни раво қилсангиз.
– Сизни қийнаётган қандай савол экан, айтинг.
– Зоти паст, деб қандай авлодларга айтилади? Биз бу борада дўстлар билан кўп баҳслашдик.
Кимдир ўғри-муттаҳамлар зоти паст деса, кимдир зинога берилган ахлоқсиз ва беҳаёлар авлоди ҳамиша паст бўлиб келган, деди. Яна кимдир бола-чақасини қашшоқлик ва муҳтожликка ташлаб қўйган дангаса ва танбаллар зоти паст ҳисобланади, деб сўзида туриб олди. Хуллас бу саволга сиздан жўяли жавоб излаб келдим.
Донишманд бир оз ўйланиб турибди-да, жавобини баён қилибди:
– Қайси йўлдан келган бўлсангиз, шу йўлдан ортингизга қайтинг. Саволингизга жавоб йўл юзасида турибди.
Ушбу жавобдан бир оз таажжубланган инсон раҳмат айтиб, ортига қайтибди ва кўп ўтмай, йўл четида қўш кабутардек бир-бирига суяниб тош устида ўтирган чол-кампирга дуч келибди. Улардан ҳол-аҳвол сўрабди.
– Э-э болам, бевафо дунё деганлари шу экан, – нурсиз қароғлари ёшга тўлиб, кўксини эзиб турган дардини юзага чиқарибди чол. – Бир этак фарзанд кўрдик. Емай-едириб, киймай-кийдириб улғайтириб, уйли-жойли қилдик. Бунинг эвазига қаровсиз ҳолда кўчада қолдик. Ўғил-қизларинг меҳрсиз бўлса қийин экан.
Барчани қийнаган баҳслашувга жавоб излаган инсоннинг фикри тиниқлашибди: «Ота-онаси ва яқинларига меҳрсиз, оқибатсиз авлодлар зоти паст, деб айтилар экан-да». У донишманднинг донолигига тан бериб, жавоб топганидан хурсанд бўлиб, чол-кампирни парваришлаш учун ўзи билан олиб кетибди.
Қиссадан ҳисса шуки, бу борада меҳр-оқибатни қадрият даражасига кўтарган миллатимизга, авлодларимизга барча ҳавас қилса арзийди. Қадрли айём сифатида эътироф топган Хотира ва қадрлаш куни ҳам фикримиз далилидир. Боболаримиз жасорати жо бўлган ғалабанинг 75 йиллиги, хотира, қадр, меҳр ва оқибат айёми барчага муборак бўлсин азизлар!
Зулфия ЮНУСОВА, журналист






