АсосийЖАМИЯТ

Сиёсий партия вакили ҳамма биладиган аммо ҳеч ким тузатмаётган магистратура муаммоларини очиқлади

Ҳозирда айрим соҳаларда бўлганидек магистратура босқичида ҳам баъзи бир муаммолар мавжуд....

'Сиёсий партия вакили ҳамма биладиган аммо ҳеч ким тузатмаётган магистратура муаммоларини очиқлади'ning rasmi

Ҳозирда айрим соҳаларда бўлганидек магистратура босқичида ҳам баъзи бир муаммолар мавжуд. Буларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммад Валиев батафсил санаб ўтди.

Хўш, магистратура босқичининг асосий муаммолари қай жабҳаларда намоён бўлмоқда?

•  Бакалавриат ёки магистратура битирувчисининг лавозими ёки ойлик маошларида ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас.  

•  Бакалавриат битирувчиси магистратурани ўқимасдан ишлагани ва иш тажрибаси юқорилиги сабабли магистратура битирувчисига нисбатан юқори лавозимларда ишламоқда.  

•  ОТМ раҳбарияти таркибига кирувчи масъуллар (ректорат, деканат) келажакда ўзи учун кадр танлашда ҳар қандай топшириқларни бажаришда мулоҳаза қилмайдиган, “хўп бўлади” деб турувчи ходим “маҳмадона, қайсар, ақлли, бетгачопар”дан кўра қадрлироқ ҳисоблашмоқда.  

•  Бунда ходимларнинг турли ҳашарларда фаоллиги, дам олиш кунлари ишга жалб этиш мумкинлиги ва бошқа топшириқларни бажаришда сўзсиз итоат этиш каби “хислат”лари юқори баҳоланади.  

•  Табиийки, бундай ходимлардан инновацион янгиликлар кутиш, уларнинг ўз илмий салоҳиятини ишга солишини кутиш мушкулдир.  

Натижада магистратура босқичи ўз моҳиятини йўқотиб, кўпроқ иш тополмаганлар учун вақт ўтказиш ва ОТМда ўз фаолиятини давом эттириш учун зарур бўлган мажбурий ўқиш сифатида қаралмоқда.

“Адолат” СДП аъзолари сайловчилар таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, қуйидаги таклифларни билдиради.

1.  Магистратурага қабул жараёнини бакалавриат қабул жараёнидек яъни олий таълим муассалари эмас, балки Давлат тест маркази томонидан шаффофлик асосида умумий павильонларда, видеокамера кузатуви ва онлайн транслиация этиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ.  

2. Турдош йўналишга топшираётган талабалар ўқиган ОТМларда билимни баҳолашдаги ёндашувдаги фарқлар, ва бошқа омиллар сабабли умумий рейтинг талаба билимининг ҳаққоний индикатори вазифасини ўтай олмайди. Шу сабабли кириш синовларида умумий рейтинг ёки ўзлаштириш кўрсаткичи асосида бериладиган баллни бекор қилиш зарур.  

3. Магистратура босқичи юқори юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлганлиги сабабли кириш синовларида мутахассислик фанларига 0 баллдан 150 баллгачани ташкил этиши ёки мутахассислик фани (фанларидан) 3,1 балл, чет тилидан 1,1 балл ташкил этиши мақсадга мувофиқ.

4. Бу йилги пандемия ва унинг иқтисодиётга бўлган салбий таъсири ҳамда аҳоли аксар қисми даромадлари камайганлигини ҳисобга олган ҳолда магистратура мутахассислиги учун ажратилган квотанинг 75-80% давлат гранти асосида қабул қилиниши керак.

5. Ҳозирги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда магистратура ихтисосликлари рўйхатини яна бир бор қайта кўриб чиқиш пандемия вирусолог, биолог, эпидемиолог бўйича магистратурага қабул қилинадиган талаблар сонини ошириш ҳамда янги мутахассисликларни жорий қилиш масаласини кўриб чиқиш.  

6. Иқтисодиётнинг бир қатор тармоқларида кадрларга бўлган эхтиёжларни инобатга олган ҳолда, тегишли соҳаларда узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган, тажрибали ходимларга иш жойидан ажралмаган ҳолатда магистратура мутахассислигига масофавий, сиртқи ва кечки таълим дастурлари бўйича қабулни амалга ошириш.  

Юқоридаги таклифлар асосан магистратурага кириш синовларида тез-тез учраб келган коррупциоген факторларни йўқотиш, узоқ йиллардан бери тор доирадаги гуруҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб келган нормаларни бекор қилиш мақсадида берилди.  

Зеро, юқорида келтириб ўтилган омиллар ўқишни давом эттириш ва мамлакат ривожи учун ўз ҳиссаларини қўшиш илинжида бўлган кўпгина билимли ва қобилиятли бакалавриат битирувчиларининг интилишини амалга ошириришга йўлида тўсқинлик қилмоқда, дея таъкидлаган Маҳмуджон Валиев.

 

    Бошқа янгиликлар