"Ҳозирда маҳаллий Кенгашларда 200 дан зиёд 18-30 ёшли депутатлар бор..." Ёшлар парламентини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

СИЁСАТ 28.05.2020, 00:36
"Ҳозирда маҳаллий Кенгашларда 200 дан зиёд 18-30 ёшли депутатлар бор..." Ёшлар парламентини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мутасаддилари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, сиёсий партиялар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ёшлар ва парламент” мавзусида видеоконференция ўтказилди. 

Сенат ахборот хизмати хабар беришича, сўзга чиққанлар янги ташкил этилаётган Ёшлар парламентининг мақсадлари, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларнинг қонунчилик ҳамда парламент назоратини амалга ошириш жараёнларида иштирок этиши тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Олий Мажлис Сенатининг  Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Ташмуҳамедова бу борадаги ишларнинг аҳамияти борасида маъруза қилди.

– “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида Ёшлар парламентини ташкил этиш вазифаси белгиланганини алоҳида эътироф этиш жоиз, – деди сенатор Д.Ташмуҳамедова. – Боиси, бу келгусида ёшларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунчилик асосларини мукаммал билиши, ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бунинг  баробарида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалаларини ёшлар вакиллари иштирокида муҳокама қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга оид таклифлар ишлаб чиқишда устувор аҳамият касб этади. Ҳозирда маҳаллий Кенгашларда 200 нафардан ортиқ 18-30 ёшли навқирон депутатлар бор. Келгусида уларни Ёшлар парламентига жалб этиш билан биз барча ҳудудлардаги ёшлар муаммоларини Сенат минбарига олиб чиқишимиз ва қабул қилинадиган қонунларда уларнинг манфаатларини акс эттиришимиз мумкин бўлади.

Йиғилишда хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, халқаро тажрибага кўра, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги асосий иштироки ёшлар парламентини ташкил этиш орқали амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1