1

Терговдаги хато сабаб қамалган яна бир фуқаро оқланди

ЖИНОЯТ 09.06.2020, 16:56
Терговдаги хато сабаб қамалган яна бир фуқаро оқланди

2003 йил 11 декабрдаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун ва Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5177-сонли Фармони талаблари ҳеч кимга сир эмас. Бироқ орамизда “бари ҳамирдан қил суғиргандек бўлади”, дейдиганлар ҳам топилади... 

Вақтинча ишсиз бўлган 35 ёшлиаёл муқаддам Навбаҳор туман маъмурий судининг 2019 йил 6 майдаги қарорига асосан МЖтКнинг 170-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамай, ўзига тегишли хулоса чиқармаган кўринади. Уқонунга зид равишда, Навоий шаҳридаги Марказий деҳқон бозори олдида бир фуқарога 4000 рублни 600.000 сўмга сотган.

Тезкор тадбир давомида аёл таниши - 28 ёшли вақтинча ишсиз, муқаддам 2 бор судланган йигитнинг кўмагида 25.000 рублни жами 3.750.000 сўмга сотаётган вақтидаушланган. Аёл судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. 

                      “ВАЛЮТА СОТИБ ОЛИШ ЁКИ СОТИШ ҚОНУНГА ХИЛОФЛИГИДАН ХАБАРИМ БОР”

Судланувчи йигит ҳам судда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида берган кўрсатувини тасдиқлаб, айбига тўлиқ иқрорлик билдирган...

— Пул ишлаш мақсадида 25.000 рублни олиб кўчага чиқдим. Ёнимда 770.000 сўм ҳам бор эди. Аёл танишим “25.000 рубль керак. Агар бўлса, қимматроқ нархга алмаштириб бераман”, деди. Қисқаси, 25.000 рублни 3.750.000 сўмга сотдик. Ҳаридор хайрлашиб кетгач, ёнимизга Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари келди ва бошқармага олиб кетишди. Тезкор ходимлар ўзимга тегишли 770.000 сўмни ашёвий далил сифатида олиб қўйишди. Муқаддам ноқонуний валюта олди-сотдиси билан маъмурий ёки бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилмаганман. Чет эл валюталарини фуқаролардан сотиб олиш ёки уларга сотиш қонунга хилофлигидан хабарим бор. Айбимга тўлиқ иқрорман ва қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Судланувчи ҳаракатларимда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. 

              “СУДЛАНУВЧИНИНГ ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИШДАГИ АЙБИ ФАҚАТ СУД МУҲОКАМАСИ                                                      ДАВОМИДА ИСБОТ ҚИЛИНГАН ДАЛИЛЛАРГА АСОСЛАНИШИ ЛОЗИМ”

Адиз АВЕЗОВ, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси:

— Судланувчи аёлнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилгани судда текширилган ҳужжатлар ҳамда бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топган.

Суд, давлат айбловчисининг судланувчи йигитни айбдор деб топиб, унга нисбатан озодликни чеклаш жазосини тайинлаш ҳақидаги хулосасини, жиноят ишида тўпланган ва ишнинг ҳақиқий ҳолатини, амалдаги жиноят қонунчилигини таҳлил қилди. Унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли, жиноят содир этишда айбсиз деб, ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “в” банди билан оқлашни лозим топди. Боиси, тергов органи томонидан Қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмаган. Хусусан, тергов органи томонидан судланувчи йигитни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, қонунга хилоф равишда валютани ўтказишда ифодаланган жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбли деб топиш ҳақида асоссиз хулосага келинган. 

Иш ҳолатига кўра, судланувчи йигит 2019 йил 3 декабрь куни аёл таниши билан бир гуруҳ бўлиб, 25.000 рублни 3.750.000 сўмга сотган.

Президентимизнинг 2019 йил 12 июлдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2019 йилнинг 1 августдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдори 223.000 сўм белгиланган.

ЖКнинг саккизинчи бўлимида, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдор анча миқдорни ташкил этиши кўрсатилган. 

Судланувчи йигит таниши билан сотган рубль эса анча миқдорни ташкил этмайди. Қонун талабига кўра, судланувчининг жиноят содир этишдаги айби фақат суд муҳокамаси давомида исбот қилинган далилларга асосланиши лозим.

Суд, судланувчи аёлга жазо тайинлаш масаласини ҳам муҳокама қилди. Пленум Қарори талабларидан келиб чиқиб, унга жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, оилада ягона боқувчилиги, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмаганини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жарима жазоси тайинлади. Жарима миқдорини белгилашда жиноят содир этилган вақтда амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг (202730 сўм)дан келиб чиқишни лозим топди.

Судланувчи аёл ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “в” бандидан шу модданинг 1-қисмига қайта малакаланди. Унга ушбу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. 

Судланувчи йигит ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилди. Содир этган қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, оқланди.

                                                                                                                            Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1