АсосийЖАМИЯТ

Ошини реклама қилиш учун "Шайтанат" фильми кадрларидан ноқонуний фойдаланган "тадбиркор" жаримага тортилди

Маълумки, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим тадбиркорлар томонидан омма орасида...

'Ошини реклама қилиш учун "Шайтанат" фильми кадрларидан ноқонуний фойдаланган "тадбиркор" жаримага тортилди'ning rasmi

Маълумки, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим тадбиркорлар томонидан омма орасида машҳур бўлган киноасарларни (“Маҳаллада дув-дув гап”, “Ўтган кунлар” ва б.) муаллиф рухсатисиз пародия тарзида ўзгартириб ўз маҳсулотини реклама қилишда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.  

Бу сафар ўз маҳсулотини реклама қилиш ва харидорларни жалб қилишни кўзлаган Б.М. исмли шахс "Шайтанат" филмидан фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интелектуал мулк агентлиги хабар бермоқда.

Тадбиркор ош маҳсулотини реклама қилиш мақсадида “Шайтанат” киноасари қахрамонлари овозларини харидор ва буюртмачиларни жалб қилиш учун монтаж қилиб, киноасар қахрамони тилидан буюртмачи Б.М.нинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ҳамда ош маҳсулотини харид қилишга чақирувчи видео-ролик тайёрланиб, “Телеграм” ижтимоий тармоғига муаллиф розилигисиз жойлаштирилади. “Шайтанат” киноасари асосида ноқонуний тайёрланган реклама таъсирида мухлислар маҳсулотга буюртма бера бошлашади.  

Натижада “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун талаблари жиддий равишда бузилишига сабаб бўлади.  

Қонунга биноан фақатгина муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўлиб, юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.  

Бундан ташқари муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиб, аудиовизуал асарни ёки фонограммани даромад олмасдан фақат шахсий мақсадлар учун асар муаллифининг, ижрочининг, фонограммани ва аудиовизуал асарни тайёрловчининг розилигисиз, лекин уларга ҳақ тўлаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади.  

Мазкур ҳуқуқбузарликдан хабар топгандан сўнг асар муаллифи мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганлиги ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчилдикда белгиланган таъсир-чораларни кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этади.  

Агентликнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан баённома тузилиб, тегишли суд инстанцияси томонидан ҳуқуқбузар киноасардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1771-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.  

Сўнгги пушаймон ўзингга душман деганларидек, интеллектуал мулк объектларига ҳурмат – бу ўзганинг ижодий меҳнати самараси яъни мулкига ҳурматни англатади. Шу боис, ҳар бир шахс интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишдан олдин муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиши ва муаллиф розилиги билан ундан фойдаланиши ҳар икки томон учун манфаатлидир. 

    Бошқа янгиликлар