АсосийDunyo

ОАВ: Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди

'ОАВ: Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди'ning rasmi

Туркманистондаги С.Ниёзов номидаги даволаш-консултатив марказининг олти нафар ходимида, хусусан, шифокорларда COVID-19 коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар тарқатган, дея ёзди "Дарё" 

Инфекцияга чалинганларнинг уч нафарининг ҳолати ўртача оғирликда экани айтилмоқда.

Марказда юқумли касалликлар бўлими мавжуд эмас, шунинг учун беморларнинг бир қисми Чўганлидаги касалхонага, қолганлар эса Ахал вилоятида тайёрлаб қўйилган изоляторларга жойлаштирилган.

С.Ниёзов номидаги даволаш-консултатив маркази — Туркманистоннинг энг катта тиббиёт муассасаларидан бири ҳисобланади. Унда мамлакат бўйича бир йил давомида ўн минглаб одамлар тиббий кўрикдан ўтиб, даволанади. Беморларнинг ҳаммаси марказий қабул бўлимида рўйхатга олинади.

Муассаса шифокорларнинг малакали экани, хизматлар бошқа замонавий касалхоналардагидан анча арзонлиги туфайли халқ орасида оммавийлашган.

«Хроника Туркменистана» нашрининг ёзишича, Гурбангули Бердимуҳамедов президентлиги даврида қурилган янги касалхоналарга тиббиёт ходимларини олишда, асосан, ташқи кўриниш ва номзодларнинг 35 ёшдан катта эмаслигига эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус бор-йўқлигини текшириш учун ЖССТ келишига тайёргарлик кўраётгани хабар қилинган эди. 

    Бошқа янгиликлар