1

Япония, Жанубий Корея ва БАА билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

СИЁСАТ 02.07.2020, 23:01
Япония, Жанубий Корея ва БАА билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор қўшма лойиҳаларнинг боришини ҳамда савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Кейинги йилларда ушбу мамлакатлар билан ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари муттасил ошиб бормоқда, олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича қабул қилинган “йўл харита”лари доирасида турли тармоқларда янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Йиғилишда амалдаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда инвестицион ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда япониялик шериклар билан ҳамкорликда геология, кимё ва нефть-кимё, банк-молия, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда умумий қиймати 5,6 миллиард долларлик 48 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, “HIS” компанияси билан меҳмонхона мажмуаларини қуриш, “Isuzu” ва «Itochu» компаниялари билан «СамАвто» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан Навоий иссиқлик электр станциясида энергетик блоклар барпо этиш бўйича ва кўплаб бошқа лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Пандемияга қарамай, жорий йилда икки мамлакат ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро мулоқотлар, шу жумладан замонавий ахборот технологиялари орқали анча фаоллашгани қайд этилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аниқ иқтисодий дастур ва лойиҳаларни илгари суриш орқали Ўзбекистон-Япония амалий ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлик ҳам кейинги йилларда ижобий суръат билан ривожланмоқда. Жорий йилнинг бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 1 миллиард долларга етди, Жанубий Корея капитали иштирокида 60 та янги корхона ташкил этилди, уларнинг умумий сони эса 855 тага етди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳамда Фарғона шаҳрида Ўзбекистон-Корея халқаро университетини ташкил этиш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани, улар доирасида 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 17 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота туманида тамал тоши қўйилган Инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Фармацевтика техника университети ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, АКТ, соғлиқни сақлаш, кимё, енгил, электротехника, фармацевтика ва заргарлик саноати, таълим ва инновациялар каби соҳалар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.

 

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Иқтисодий тараққиёт фонди орқали молиявий-техник кўмак дастурлари доирасида умумий қиймати 750 миллион доллардан ортиқ бўлган 17 та лойиҳа, жумладан Кимёвий технологиялар маркази, ёши катталар учун клиника ташкил этиш, юртимиз тиббиёт ва таълим муассасаларини жиҳозлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Япония ва Жанубий Корея билан қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 1 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Умуман, эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш 50 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини 4,1 миллиард долларга, экспорт ҳажмини эса 1,14 миллиард долларга ошириш имконини беради.

2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган олий даражали ташриф якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами, шу жумладан савдо-иқтисодий ва инвестицион битимлар имзоланган эди. Энергетика, инфратузилма, кимё ва нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 141 тани ташкил этяпти.

Амирликлар компаниялари билан келишувлар ўз натижасини бераётгани таъкидланди.

Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 500 МВт қувватига эга шамол электр станцияси қурилишига инвестиция киритмоқда, сармояларнинг умумий ҳажми эса 500 миллион доллардан ошади.

Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида эълон қилинган капитали 1 миллиард доллар бўлган қўшма инвестиция компанияси таъсис этилди. Компания илк лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Шунингдек, Абу-Даби тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этмоқда.

БААнинг “Mubadala” давлат инвестицион компанияси билан энергетика соҳасида ҳамда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония, Корея Республикаси ва БАА билан ҳамкорлик бўйича “йўл хариталари”нинг 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларини тўлиқ ва сифатли бажариш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, аниқ вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1