Аввалроқ Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй биноси бўйича шу вақтга қадар қабул қилинган барча қарорларни бекор қилиб, қайта тарихий-маданий экспертиза ўтказиш юзасидан топшириқлар бергани ҳақида хабар берилганди.
Шундан сўнг, Интернет ва ижтимоий тармоқларда вазирнинг ушбу қарорига норозилик билдирилган фикрлар, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи бир қанча фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатлар кескин кўпайди. Мазкур масалалар юзасидан тушунтириш бериш, муаммони яна бир бор ўрганиб чиқиш мақсадида бугун, 4 июль куни Маданият вазирлигида журналистлар учун брифинг ташкил этилди. Унда маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
"Аслида бугунги кунда маданий мерос тушунчаси жамиятда шаклланганми? Қай даражада? Маданий меросга нисбатан ҳокимят вакилларининг, раҳбарларнинг муносабати қандай? Нима учун ҳокимлар томонидан маданий мерос объектларини ўзбошимчалик билан бузиш ҳолатлари содир этилмоқда.
Ҳозирги ҳолатда ҳам тадбиркорнинг қўлида Бобур 7 нинг маданий мерос объекти эмаслиги ҳақидаги қарор турибди. Бу уй тақдири эса сизни қай даражада безовта қилаётган бўлса, мени ҳам шундай ташвишлантирмоқда", - деди вазир брифингда.
Озодбек Назарбеков журналистларга ҳам мурожаат қилди:
"Шу ўринда сизларга бир мурожаат қилмоқчиман. Аввало жамиятни, рахбариятни маданий меросга бўлган тушунчасини ўзгартиришимиз лозим. Меросимизга нисбатан ҳурмат руҳидаги мақолалар орқали сизлар қанча кўп жамоатчилик эътиборини тортсангиз бу мумаммоларни бартараф этишда ёрдамлашган бўлардингиз".