25 йилдан сўнг Моҳира Асадова яна саҳнага қайтмоқда... Хонанда маданият вазири билан учрашди

МАДАНИЯТ 05.07.2020, 12:46
25 йилдан сўнг Моҳира Асадова яна саҳнага қайтмоқда... Хонанда маданият вазири билан учрашди

90-йиллар ўзбек санъатининг ёрқин намоёндаси, ўз даврининг машҳур тароналари ижрочиси Моҳира Aсадова 25 йиллик танаффусдан кейин яна катта саҳналарга қайтиши кутилмоқда. 

Моҳира Aсадова лицензияси бўлишига қарамасдан турли тушунарсиз “қаршиликлар”га учраб келаётганди. Узоқ йиллардан буён жавобсиз саволлар ҳам тўпланиб қолганди. Мана шу масалаларга ойдинлик киритиш ҳамда ижобий ечим топиш мақсадида маданият вазири Озодбек Назарбеков хонанда билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашувда кўплаб республика ва халқаро кўрик-танловлар ғолиби бўлган Моҳира Aсадова ҳозирги кунда давом этаётган пандемия давридан кейин санъат саройларида жонли концерт бериши ҳамда ижод фаолиятини давом эттириши ва уни халққа намойиш этишида ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаслиги айтиб ўтилди.

Хонанда "Даракчи" газетасига берган интервьюси (38-сон, 19 сентябрь, 2019 йил)да катта танаффус ва "тўсқинликлар" уни ижоддан тўхтатолмаганини айтганди:

— Бир неча йил мобайнида экранларда кўринмадим, буни ижодий фаолиятимдаги бир танаффус, десак тўғри бўлар. Бу вақтда мухлислардан “ижодни тарк этдингизми?”, “санъатдан кетдингизми?” каби сўроқ-саволлар кўп бўлди. Бу борада мен ҳар доим шуни таъкидлаб келаман-ки, юрагида ҳақиқий санъати, иштиёқи, дарди, ноласи бор инсон ҳеч қачон ижоддан тўхтолмайди, халқдан йироқ бўлолмайди. Мен ҳам бир зум изланишдан, янги қўшиқлар устида ишлашдан тўхтаганим йўқ. Шоир айтганидек, “бахт келганда шукр қилдим, дард келганда сабр”.

Моҳира Асадова мақом ва эстрада йўналишида ижод қилиб келади. У 14-15 ёшида катта санъатга қадам қўйган. 20 ёшида, талабалик вақтида Юнус Ражабий номидаги Республика мақом ижрочилари кўрик-танловининг ғолибаси бўлган. "Дуторчилар", "Мақомчилар" ансамблларида фаолият юритган. 

Унинг эстрада жанридаги “Шоҳсанам” (1994 йил), “Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга...” (1999 йил) каби  қўшиқлари ўз вақтида оммалашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1