Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маълум қилишича, охирги 14 кунда коронавирус бўйича аниқланган ҳолатларнинг 52%и чет элдан келган фуқароларда, 48%и эса мамлакат аҳоли орасида аниқланган.
Аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилаяпти. Масалан, 4 та тўйда 110 та касаллик аниқланган, бундан ташқари, биргина Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. 30 кишилик лимитга риоя этиш учун бир кунда уч марта тўй қилган.
Охирги бир ойда Ўрикзорда 35 та, Юнусобод бозорида 39 та, Чорсуда 11 та, Абу Сахийда 47 та, Чилонзор буюм бозорида 52 та ҳолатда вирус аниқланган. Қурилиш ташкилотларида 200 дан ортиқ кишида вирус қайд этилган.






