1

Шавкат Мирзиёев: Бундай хатарли офатга асло бепарво қараб бўлмайди

СИЁСАТ 08.07.2020, 20:55
Шавкат Мирзиёев: Бундай хатарли офатга асло бепарво қараб бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

– Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 минг 982 нафарга, соғайганлар сони 6 минг 890 нафарга етди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.

Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.

Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1