19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова COVID-19'дан вафот этди. Шифокорнинг ўлими расман эълон қилинмаган ва умумий рўйхатга қўшилмаган. Бу шифокор ва унинг вафоти тафсилотлари ҳақида Кун.уз мухбири Аброр Зоҳидов суҳбат тайёрлади. Марҳум шифокорнинг синглиси бўлиб ўтган воқеаларга ойдинлик киритди.

– Синглим Марҳабо 62 ёшда эди, – дейди марҳуманинг опаси Маҳмуда опа. – Оиламиздаги кўпчилик сингари шифокорлик касбини танлаганди. 62 ёшга кирганди, пенсияга чиқиши мумкин эди. Шу касаллик тарқала бошлаганда ундан пенсияга чиқишини сўрадик. «Шундай оғир пайтда ташлаб кетсам уят бўлади. Пандемия тугасин, кейин дам оларман...» деб кўнмади. Мана – шу иши ортидан касалликка чалиниб, вафот этди.
– Касаллик расман тасдиқлангани маълум бўлгандан кейин сизлар билан кимдир боғландими?
– Вафот этган кунлари раҳбариятидан ҳеч ким келмаганини тушунамиз, карантин ҳозир. Энг ачинарлиси, бирорталари телефон қилиб, кўнгил сўраб ҳам қўйишмади. Бу ҳақда эълон қилганимиздан кейин Чилонзор тумани СЭОМ раҳбари телефон орқали таъзия билдирди.
Давлатимиз раҳбари шу касалликка қарши курашда вафот этганларни бирма-бир тақдирлаб чиқдилар ва бу жуда эзгу иш бўлди. Аммо синглим ишлаган тизим раҳбарияти уни бирор жойда эътироф этиш бўйича таклиф киритиш тугул айнан шу касалликдан вафот этганлар рўйхатига қўшишмади ҳам. Наҳот инсоннинг ҳаёти шундай беқадр бўлса?..
– Синглингиз бу соҳада анчадан бери ишлаб келармидилар?
– Синглим ва куёвимни ТошМИни битирганларидан кейин йўлланма бўйича Сирдарёга ишга жўнатилишган. 2 йиллик муддат ўрнига 8 йил ишлаганларидан сўнг Тошкентга қайтишган. Синглим аввал шифокор бўлиб ишлади, кейин Чилонзор тумани СЭСга ишга ўтди. Вафотига қадар СЭОМ бактериология лабораторияси мудири бўлиб ишлади. Яъни ҳар куни бевосита шу вирус билан тўқнаш келарди.
– Касалликка чалингани қачон маълум бўлди?
– 13 июль куни тест топширган ва 16 июль куни COVID-19’га чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар қаторига киритилган. Аммо жуда қисқа вақтда – 19 июлдаёқ умри поёнига етди. Олти кун ётган бўлса, сўнгги кунини кислород аппаратида ўтказди.
Ҳамкасблари, шогирдлари қаттиқ куюнишди. Кўпчилиги билан бир оиладек бўлиб қолишганди-да. Ҳатто шогирдлари синглимнинг хотирасига бағишлаб хотира лавҳаси ишлашибди.
Биз зиёлилар оиласимиз, ота-онамиз бутун умр халқ хизматида ўтган инсонлар. Оилада ўн фарзанд – олти қиз, тўрт ўғилмиз. Ҳаммамиз олий маълумотлимиз, шундан беш қиз ва бир ӯғил – тиббиёт ходимлари. Синглимни йўқотганимиз оғир бўлди... Олд қаторда ишлаган шифокорга муносабат шундай бўлса, энди ишга таклиф қилинаётган мутахассисларда ишонч қоладими?
Ҳозир тиббиёт ходимларига эътибор тўғрисида кўп гапириляпти. Вазирликка тавсиям, уларнинг қадрига етинг, касалликка чалинсалар, дарҳол кўмак беринг. Умри қисқа бўлиб, вафот этса, икки оғиз ширин сўзингизни аяманг.






