АсосийЖАМИЯТ

“СЕС"чилар даври келдими? “Июль ойи ўғрилари” билан танишинг! Ўғирликлар бўйича вилоятлар ва соҳалар “антирейтинги” қандай?

Ижтимоий тармоқлар тасмаларини ўтказиб, нуқул “талон-торож, ўзлаштириш” каби мавзуларга ду...

'“СЕС"чилар даври келдими? “Июль ойи ўғрилари” билан танишинг! Ўғирликлар бўйича вилоятлар ва соҳалар “антирейтинги” қандай?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқлар тасмаларини ўтказиб, нуқул “талон-торож, ўзлаштириш” каби мавзуларга дуч келяпмиз. “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов июль ойида эълон қилинган талон-торожликларнинг умумий миқдорига эътибор қаратиб, бюджет ўғриларининг “антирейтинги”ни таҳминий хомчўт қилди. Шуни ҳисобга олишингизни сўрар эдикки, бу талон-торожлик ва ўзлаштиришлар фақатгина аниқланган ва эълон қилинган ҳолатлар юзасидан ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, асл вазият бундан ошиқ бўлса ошиқки, лекин кам эмас ва фаққатгина июль ойи учун тақрибий хулоса дейишимиз мумкин. Демак, Бош прокуратуранинг июль ойидаги расмий маълумотларига кўра қуйидагилар талон-тарожликлар содир этилган:

1. 2,7 млрд. сўм. Хоразм вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари тендер савдоларисиз 41 та ҳолатда жами 2,7 млрд. сўм пулни ўзлаштириб, растрата йўли билан талон-торож қилган. 

2. 544 млн. сўм. Наманган вилояти АТБ “Агробанк” Тўрақўрғон филиали собиқ бошқарувчиси ва бошқалар 2020 йил январь-март ойларида 19 нафар фуқароларнинг хабардорлигисиз, уларнинг номига иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредит олиш мақсадида ҳужжатларни расмийлаштириб, мазкур ҳужжатлар асосида жами 544 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағини банк кассасидан нақд пул шаклида олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

3. 917,8 млн.сўм. Қашқадарё вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази (СЭОМ) раҳбарияти ишламаган ҳодимлар учун 480,1 млн. сўм, ошиқча иш ҳақи ҳисоблаш натижасида 271,6 млн. сўм, “гипохлорид калций” дезинфекция воситасини ҳақиқий баҳосидан 161,1 млн. сўмга ошиқ сотиб олиб, шу тарзда жами 917,8 млн. сўмни ўзлаштирган.

4. 82,2 млн. сўм. Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги “Якка тут” МФЙ мансабдорлари 51 нафар кам таъминланмаганларга жами 82,2 млн. сўм тўлаб бериб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.

5. 397,6 млн. сўм. Тошкент вилояти Паркент туманида СЭОМ мансабдор шахслари томонидан карантин қоидаларини бузган 86 нафар фуқаронинг қилмишига яраша жарима тайинламаслик, қилмишни истисно этувчи ҳолатлар сифатида расмийлаштириш орқали 397,6 млн сўмлик давлат манфаатларига зарар етказилганлиги аниқланган.

6. 509,8 млн. сўм. Навоий вилояти СЭОМ мансабдор шахслари Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган 509 млн. 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.

7. 741,2 млн.сўм. Сирдарё вилояти СЭОМларида иш олиб бораётган ходимларга жами 741 млн 200 минг 400 сўм пул маблағлари тўлаб берилмаганлиги аниқланган.

8. 95,8 млн. сўм. Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари умумхалқ хайрия ҳашари ҳисобидан келиб тушган маблағларни гўёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун совға, моддий ёрдам пуллари берилгани ва бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатилгани ҳақида сохта баённомаларни расмийлаштириш орқали 95,8 млн сўм маблағларни талон-торож қилгани аниқланган.

9. 248,9 млн. сўм. Наманган вилояти СЭОМ мансабдор шахслари 275,9 млн сўм бўлган “гипохлорид калций” дезинфекцияловчи воситаларни 524,8 млн сўмга, яъни ўртача бозор нархидан 248,9 млн сўмга қиммат нархларда сотиб олишиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

10. 159,3 млн. сўм. Aндижон вилояти СЭОМ мансабдор шахслари баҳоси 326,4 млн. сўмга тенг бўлган “гипохлорид калций 65%” дезинфексияловчи воситасини 485,7 млн. сўмга (ўртача бозор нархидан 159,3 млн. сўмга қиммат) сотиб олишиб, жуда кўп миқдордаги бюджет  маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Жами: қарийб 6,4 МЛРД. СЎМ бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган. Бу ҳали аниқланганлари, холос.

Бундан ташқари:

Қашқадарё вилоят “Дунё-М” АЖ агрономи фуқарога ҳар бир килограмм буғдойни 2,9 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 95 минг кг.ни 275,6 млн сўмга, Бухоро вилоят “Когондонмаҳсулотлари” АЖга қарашли Қоровулбозор туман дон қабул қилиш маскани омбор мудири 120,7 млн сўмлик жами 77,9 минг кг буғдойнинг камомадига йўл қўйганлиги аниқланган. (+ 393,6 млн. сўм.)

Давлат молиявий назорати департаментининг таҳлилларига кўра, 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида 2010 та бюджет интизоми бузилиши натижасида 81,7 млрд. сўм пул ва товар моддий бойликлари камомади аниқланган бўлиб шунинг 57,4 млрд. сўми (70 фоизи) тегишли бюджетларга тикланиши таъминланган. 

Департаментга кўра “бюджет ўғрилари” “антирейтинги” қуйидагича:

  1. Халқ таълими вазирлиги тизими – 21,5 млрд. сўм билан 235 та;
  2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими – 14,1 млрд. сўм билан 205 та;
  3. Мактабгача таълим вазирлиги тизими – 6,9 млрд. сўм билан 119 та;
  4. Маданият вазирлиги тизими – 2,6 млрд. сўм билан 162  та;
  5. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизими – 2 млрд. сўм билан 154 та;
  6. Сув хўжалиги вазирлиги тизими – 1,4 млрд. сўм билан 29 та;
  7. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизими – 0,9 млрд. сўм билан 15 та ва бундан ташқари, ҳокимликлар ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати”инжиниринг компанияларида 4 млрд. сўм билан 78 та талон-тарожлик аниқланган.

 

Вилоятлар бўйича “антирейтинг”:

  1. Андижон вилояти – 8,9 млрд. сўм;
  2. Қашқадарё вилояти – 8,2  млрд. сўм;
  3. Тошкент шаҳри – 7,9 млрд сўм;
  4. Тошкент вилояти – 6,2  млрд. сўм;
  5. Қорақалпоғистон республикаси – 5,5 млрд. сўм
  6. Жиззах вилояти – 5,5 млрд. сўм;
  7. Сурхондарё вилояти – 5,4 млрд. сўм;
  8. Наманган вилояти – 4,6 млрд. сўм;
  9. Фарғона вилояти – 4,4 млрд. сўм.

 

Маълумот учун: Бош прокуратуранинг 2020 йил 15 июлдаги ҳисоб-китобларига кўра, шу йилнинг июль ойигача бўлган умумий моддий зарар миқдори 172 млрд. 260 млн. сўм бўлиб, шундан 114 млрд. 267 млн. миқдоридаги зарарлар ундирилган. Жавобгарликка тортилган мансабдорлар мавқеига кўра бу жиноятларнинг 4 нафари республика миқёсидаги, 13 нафари вилоят миқёсдаги, 442 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги ҳодимлар ҳиссасига тўғри келади.

Сардорбек Раҳмонулов тайёрлади

    Бошқа янгиликлар