АсосийЖАМИЯТ

Истанбул аэропортида ҳушини йўқотган ўзбекистонлик Ватанига қайтарилди

Ишлаш мақсадида Туркияга борган 19 ёшли ўзбекистонлик Истанбул аэропортида соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.

'Истанбул аэропортида ҳушини йўқотган ўзбекистонлик Ватанига қайтарилди'ning rasmi

Туркияда соғлиғи ёмонлашиб, Истанбул аэропортида ҳушини йўқотган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ватанига қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 19 ёшли А.С. ишлаш мақсадида Туркияга борган. Бироқ соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. У авиачипта харид қилиб, Истанбул аэропортига келганида соғлиғи кескин ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.

Шундан сўнг у шошилинч равишда Истанбулнинг Башакшехир туманидаги «Чам ва Сакура» шаҳар шифохонасига олиб борилган. У ерда фуқарога зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Даволаниш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми Туркияда яшаётган ўзбекистонликлар кўмагида қопланган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги фуқаронинг ҳолатини назоратга олиб, уни Ватанига қайтариш чораларини кўрган. Натижада у тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилган.

Бош консулхона фуқаронинг даволаниши ва Ватанига қайтишига ёрдам берган ватандошларга миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ Туркияда зўравонликка учраган 17 ёшли ўзбекистонлик ҳам Ватанига қайтарилгани хабар қилинганди. Маълум қилинишича, у ўқиш баҳонасида Туркияга олиб борилиб, мажбурий никоҳга ундаш, жисмоний зўравонлик ва мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келган.

Вояга етмаган фуқаро Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилганидан сўнг унга адвокатлар жалб этилган ва консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, унинг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланган.

    Бошқа янгиликлар