“Бухоро халқаро аэропорти” МЧЖ директори, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Тоҳир Баҳронов вафот этди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар беришича, Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган У 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатди. Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро “ХАТП-11” автокорхонаси ҳайдовчиси (1977-1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980-1982), Бухоро шаҳар авиа агентлиги бошлиғи (1982-1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985-1997) лавозимларида ишлади.
1997 йилда “Бухоро халқаро аэропорти” ДУК директорлигига тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1999-2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014-2019), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014-2019) сифатида ҳам ижтимоий муаммоларни қисқа фурсатда атрофлича ўрганиб, ижобий ечим топишида ташаббус кўрсатди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги Тоҳир Баҳроновнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдирган.






