Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Транспорт ва логистика тармоғи ҳақида гап кетар экан, ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар умуман қониқарли эмаслиги қайд этилди.
Соҳани ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинди.
Мисол учун, бугунги кунда Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Андижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади, 22 минг автомобиль ўтади. Бу кўрсаткич келгуси 5 йилда 40 мингга етади. “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш 3 соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ошади.
Шу боис давлатимиз раҳбари Қамчиқ довонида янги тоннел қуриш бўйича тендер-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер эълон қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.