1

Бухорода келинини фоҳишаликда айблаб, доимий зулм ўтказган қайнота 4 йилга қамалди

ЖАМИЯТ 06.08.2020, 16:30
Бухорода келинини фоҳишаликда айблаб, доимий зулм ўтказган қайнота 4 йилга қамалди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 66 ёшли фуқаро 37 ёшли келинига шафқатсиз муомалада бўлиб, доимий равишда зулм ўтказган ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб борган. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобур Умаров маълум қилди.

Маълум бўлишича, Самарқандда яшовчи фуқаро Сабоҳат Ҳаққулова 2013 йил Ғиждувон тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини Урганжели қишлоғида яшовчи II гуруҳ ногирони Ҳалим Саъдуллаев билан турмуш қурган.

Қайнота К.С. ўзига тегишли уйда турмуш ўртоғи, икки нафар ногирон ўғли, келини Сабоҳат Ҳаққулова ҳамда невараси билан яшаб келган. Рўзғор харажатлари қайнота зиммасида бўлгани боис К.С. ўзининг ногирон фарзандларини ҳам пул ва моддий даромад топиб келолмасликда айблаган. Айниқса, келини Сабоҳат Ҳаққуловага ўта раҳмсиз муомалада бўлиб, қўрқитган, унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб келган.

Қайнота келинини фоҳишаликда гумон қилиб, қўпол муносабатда бўлган. Унинг турмуш ўртоғи бўлган ўғлининг ногиронлигини ҳам юзига солиб, кўп бор текинхўрликда айблаган.

Қайнота 2018 йилнинг 9 декабрь куни келини билан овқатга маҳсулотни кўп солгани баҳонасида жанжаллашиб қолиб, уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган, бошига урган ва тан жароҳати етказган. Камситишларга чидай олмаган келин Самарқандга — отасининг уйига аразлаб кетган. Орадан бир неча кун ўтгач, қайнона келинини яна ўз хонадонига олиб келган. Шу воқеа сабаб қайнота турмуш ўртоғи Зулайҳо Саъдуллаева билан ҳам тез-тез жанжаллашадиган, уни ҳам қўрқитадиган одат чиқарган. Ҳар кунги жанжалларга чидай олмаган қайнона 2019 йил 12 декабрь куни қизиникига аразлаб кетган.

2019 йил 14 декабрь куни соат 16:00 да қайнота яна келини билан тортишади. Келини ва ўғлини ножўя сўзлар билан ҳақоратлайди. Қайнотасининг камситиш ва тазйиқларига чидай олмаган келин вояга етмаган фарзандини олиб, қайнонасининг ёнига бориш учун кўчага чиқиб, йўловчи машинага ўтиради. Қайнота эса унинг ортидан етиб бориб, қўполлик билан қўлидан тортади ва автомашинадан туширмоқчи бўлади. Қайнота келинини қўни-қўшнилар олдида уятсиз сўзлар билан ҳақоратлайди. Жанжал олдини олмоқчи бўлган қўшниларга ҳам қўпол муомалада бўлади. Келини қаршилик кўрсатганида унинг юзига муштлаб уради. Пастки жағ тишини синдиради. Тан жароҳати етказади ва уйга мажбурий тарзда олиб киради.

Жанжал эртаси куни ҳам давом этган. Қайнота келини ва ногирон ўғлини ошхонага киритмай, овқат ҳам бермаган. Ўғлига қўлидан иш келмаслигини, боқиманда эканлигини айтиб, камситган. Ўзи ва ижтимоий ҳимояга муҳтож турмуш ўртоғининг доимий камситилишига чидай олмаган келин шу куни соат 12:00 да ўз жонига қасд қилиш мақсадида яшаш хонадонининг ошхонасида бўлган елим идишдаги бензинни устига сепиб, ўзини ўзи ёқиб юборган.

Келин Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига ётқизилган.

«Қайнотанинг камситишлари оқибатида ўз жонига қасд қилган келин, фуқаро Сабоҳат Ҳаққулова туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида беш кун ётади. Келин билан суҳбатда қайнотаси хонадонига келин бўлиб тушган вақтдан бери унинг хатти-ҳаракатлари натижасида руҳий азоб олгани ойдинлашди. Қайнота келинининг ота-онаси ва яқин қариндошлари ёнига бориб-келишига тўсқинлик қилган. Еб-ичиши, кийиниши, оддий инсондай яшаши учун на ўғлига, на келинига шафқат қилган», — дейди Ғиждувон туман прокуратураси катта терговчиси Бекзод Вафоев.

Терговчининг айтишича, келин ўзини ёқиши оқибатида танасининг 98 фоизи куйган.

«Тана аъзоларининг 98 фоизи куйган аёл билан суҳбатлашар эканман, унинг иродаси, метин бардошига лол қолганимни яширмайман. Ўзининг айтишича, аёл шунчалар азобда яшаганки, оиланинг маҳаллада ёмонотлиқ бўлмаслиги учун, афсуски, бу қийноқларни остонадан ташқарига олиб чиқмаган», — дейди терговчи.

«Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмурод Турсуновнинг билдиришича, ушбу оиладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож икки нафар фарзанд учун доимий равишда кўмак пули ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилган.

Тиббий муолажаларга қарамасдан, танасининг 95-98 фоизи куйган келин 2019 йил 20 декабрь куни вафот этган.

2020 йил 9 июль куни мазкур ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди келинини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган қайнотани 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1