Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати машиналари "чириб" кетгани ҳақидаги видеомурожаат юзасидан изоҳ берилди

ЖАМИЯТ 06.08.2020, 20:06
Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати машиналари "чириб" кетгани ҳақидаги видеомурожаат юзасидан изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда “Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари мурожаат йўллашди. Улар ажратилган тез тиббий ёрдам машина "чириб" кетгани, бир нечта ташкилотга мурожаат қилсада масала ижобий ҳал бўлмаётганини айтади” деб номланган видеомурожаат тарқалди. Бу кўпчилик тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамасига сабаб бўлди. Ушбу видеомурожаат юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди.

"Бугунги кунда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Автохўжалигида жами 144 дона автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, шундан 88 таси тез тиббий ёрдам автомашиналарини ташкил қилади. Буларнинг таркибида тўлиқ тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган сўнгги русумдаги 3 та “Ниссан", 8 та “Хундай", 2 та "Тойота" жами 13 та реанимацион автомобиллар ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида пандемия даврида аҳолининг тез тиббий ёрдамга бўлган мурожаатлари сонининг ошиб бораётганлиги сабабли, тез тиббий ёрдам автомашиналари чақириқларга улгурмаётганлиги, аҳолининг коронавирусга чалинган қисмига ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишини эътиборга олиб қўшимча тез тиббий ёрдам автомашиналари ажратилиш тўғрисида топшириқ берган эди. Ушбу топшириқдан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан 14 дона тез тиббий ёрдам автомашинаси харид қилинди. Шунингдек, хомийлик маблағлари хисобидан, қўшимча 3 дона тез тиббий ёрдам автомашиналари хайрия қилинган. Ҳозирги кунда ушбу тез тиббий ёрдам автомашиналари туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларида хизмат кўрсатиш учун юборилган.

Шу жумладан, Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига 1 та янги “Дамас” русумли қўшимча тез тиббий ёрдам автомашинаси юборилган.

  Ҳозирда, Янгиер шаҳрида 4 та тез тиббий ёрдам автомашиналари 43 700 аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 5 август санасида ижтимоий тармоқларда тарқалган, Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари томонидан йўлланган мурожаатда, тез тиббий ёрдам машинаси "чириб" кетгани, бир нечта ташкилотга мурожаат қилсада масала ижобий ҳал бўлмаётгалиги таъкидлаб ўтилган. Мурожаат юзасидан Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли давлат рақамли 20 973 САА бўлган “Дамас” русумли, тез тиббий ёрдам автомашинаси ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам ушбу автомашина 2006 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2838-сонли қарорига асосан Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасидан автохўжалик балансига олинганлиги аниқланди. Шунингдек, автомашина 2020 йил апрель ойида ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан йиллик мажбурий техник кўрикдан ўтказилган бўлиб, техник соз деб топилган.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Автохўжалиги раҳбарининг сўзларига кўра, айни пандемия шароитидан келиб чиқиб, автомашина техник соз деб топилганлигини инобатга олган ҳолда вақтинча фойдаланиб турилган.  

Бундан ташқари автомашина таъмири учун жорий йилнинг апрель ойида 167000 сўмлик, май ойида 1565200 сўмлик эҳтиёт қисмлари юк хати асосида берилиб, таъмирланган.

Қолаверса, мурожаатда таъкидланган “ойлик олмаяпмиз, таъминлаш харажатларини ёнимиздан тўлаяпмиз...” деган важлар ўрганиш натижасида автомашина ҳайдовчилари фавқулодда таъмирлаш учун қилган харажатлари ҳисоб-китоб қилиниб, автохўжалик томонидан тўлиқ тўлаб берилган.

Бугунги пандемия шароити, синовли кунларда аҳолини рози қилиш, коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, бу балони минимал талофат билан енгиб ўтиш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Кўпни кўрган мард ва матонатли халқимиз эл бошига ташвиш тушганда, аввало, сабр билан бирдамлик ва жипсликда ҳаракат қилишига ишонамиз. Шундагина бу кўргиликларни ёруғ юз билан қисқа муддатда енгиб ўтамиз", дейилади ҳокимлик изоҳида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1