1

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказади

ЖАМИЯТ 07.08.2020, 07:39
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказади

2020йил 12-13 август кунлари видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар берди.

Форум ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланиб, анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига юкланган. 

             Ушбу форум инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган иккинчи халқаро анжумандир. "Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми" деб номланган биринчи халқаро анжуман 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган. 

             Унинг иштирокчилари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинган. Мазкур Декларацияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2019 йил 6 февралда БМТ 73-сессиясининг ҳужжати сифатида тасдиқлаган.

             Осиё Форуми якунида мазкур халқаро анжуманнинг муҳимлиги ва зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уни ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб туриш ҳақида келишиб олинган.

         Бу галги Самарқанд Форумининг асосий мақсади – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборат. Мунозаралар жараёнида ушбу механизмларни такомиллаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

         Кун тартибидан, шунингдек БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича бутунжаҳон дастурини амалга оширишда ёшларнинг роли масаласи ўрин олган.

Самарқанд Форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади. Ушбу Конвенция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ШавкатМирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

         Конвенция -том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ўзига хос ҳуқуқлари акс эттирилган. Бундай мазмундаги халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳондаги барча давлатлар томонидан ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан кучайтиради. Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда муҳим омил бўлади.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси муҳокама учун форумнинг расмий сайти (http://www.asianforum.uz/)да жойлаштирилган.

         Самарқанд Форумида иштирок этиш учунБирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 300 дан ортиқ киши ихтиёр билдирган. 

         Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, ёшлар ташкилотлари  вакилларининг фаол иштирок этиши кутилмоқда.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1