Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда йўлдош шаҳарларни ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси йирик шаҳарларнинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ва улардаги юқори демографик ҳолат сабаб юзага келаётган қийинчиликларга шаҳарсозлик ҳамда урбанизация тамойиллари асосида замонавий ечимларни шакллантириш мақсадида саралаб олинган:
- Андижон шаҳри учун Шаҳрихон ва Асака шаҳарлари;
- Наманган шаҳри учун Тўрақўрғон ва Чортоқ шаҳарлари;
- Фарғона шаҳри учун Миндон шаҳарчаси;
- Самарқанд шаҳри учун Челак ва Ургут шаҳарлари;
- Бухоро шаҳри учун Гала-Осиё шаҳри;
- Қарши шаҳри учун Косон шаҳри ва Хонобод шаҳарчаси;
- Нукус шаҳри учун Хўжайли ва Тахиатош шаҳарчаларига “йўлдош-шаҳарлар” мақомини берилади.
Ўзбекистон Республикасида “йўлдош шаҳарлар”ни ривожлантиришнинг асосий концептуал йўналишлари тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикасида 2020-2025 йилларда белгиланган “йўлдош шаҳарлар”ни ривожлантириш йўналишлари:
2020-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрига туташ бўлган Хўжайли ва Тахиатош шаҳарларга “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Андижон вилояти Андижон шаҳрига туташ бўлган Асака ва Шаҳрихон шаҳарларига “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Бухоро вилояти Бухоро шаҳрига туташ бўлган Гала Осиё шаҳрига “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Наманган вилояти Наманган шаҳрига туташ бўлган Тўрақўрғон ва Чортоқ шаҳарларига “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрига туташ бўлган Челак ва Ургут шаҳарларига “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Фарғона вилояти Фарғона шаҳрига туташ бўлган Миндонобод шаҳарчага “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2020-2025 йилларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрига туташ бўлган Косон шаҳри ва Хонобод шаҳарчасига “йўлдош-шаҳар” мақомини бериш орқали ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Қуйидагилар чора-тадбирлар дастурларини амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:
- йўлдош шаҳарларни ривожлантириш натижасида уларни бирлаштирувчи йирик шаҳарга бўлган демографик юкни қисқартириш;
- йўлдош шаҳарлардаги ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантириш орқали улардаги аҳолининг шаҳарлараро эркин ҳаракатини интенсивлашишига эришиш;
- йўлдош шаҳарларда йирик шаҳар билан боғлиқ бўлган ва мустақил ривожланаётган саноат ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;
- янги иш ўринларини яратиш;
- аҳолининг турмуш даражасини янги сифат даражага кўтарилишига эришиш;
- аҳолини уй-жойга бўлган талаби асосида макро ва микро уй-жой массивларини ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмалар билан биргаликда барпо этилишини таъминлаш.






