1

Қашқадарёда Ички ишлар вазиридан ёрдам сўраган блогерларнинг уйи тинтув қилинди

ЖАМИЯТ 07.08.2020, 15:04
Қашқадарёда Ички ишлар вазиридан ёрдам сўраган блогерларнинг уйи тинтув қилинди

6 август куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ИИБ ходимлари «Nasafnews»нинг жамоатчи мухбири, блогер Мақсуд Музаффаров ва “Yakkabog` 24” телеграм канали блогери Камил Фахритдиновларнинг хонадонларини тинтув ўтказди.

Блогерларнинг 18 июнь куни тумандаги “Истиқбол” деҳқон бозори яқинида айрим шахслар томонидан калтаклангани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Воқеалар ривожида Мақсуд Музаффаров Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан ёрдам сўраб мурожаат қилганди.

– Тинтувни Шаҳрисабз шаҳар прокурори Б.Бекбўтаевнинг санксияси асосида Яккабоғ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Д.Поёнов олиб борди, – дейди биз билан суҳбатда М.Музаффаров. – Асос сифатида Ҳусниддин Раҳматовнинг аризасига кўра ишга доир нарсалар, видеотасвирлар ёки бошқа ҳужжатлар бор бўлиши мумкинлиги кўрсатилди. Лекин ўзаро жанжал тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда мавжуд. Ҳолатни тўла очиб берадиган видеони ижтимоий тармоқларга қўйишга мажбур бўлганмиз. Бугун жабрланиб туриб айбланувчи бўлиб қоляпмиз. Пўлат Бобожоновдан ёрдам сўраб мурожаат қилганимдан кейин ИИБ ходимлари ҳимоясидалигимизни таъкидлашганди. Бироқ бугун сохта ариза орқали уйимизни тинтув қилишди. Ҳомиладор рафиқам ва онамга бу ҳолат ёмон таъсир қилди. Нега карантин даврида карантин қоидаларига амал қилмасдан тинтув қилишганини умуман тушунолмадим. Ҳеч бирида резина қўлқоп мавжуд эмасди. Карантин тартиби 15 августга қадар чўзилган бўлса.

 

– Мен видеода кўрганлариздек, 18 июнь куни бир гуруҳ одамларнинг “толпа”сига қолдим, лекин бугун тинтув бизни хонадонда бўляпти, – дейди Камил Фахритдинов. – Лекин терговчи видетасвирда сана ёзилганига, аниқроғи автоуюшма аъзолари томонидан калтакланганимиз санаси 18 июнь деб кўрсатилганига, Ҳусниддин Раҳматовнинг бизни ургани тасвири видеода мавжудлигига қарамай, “17 июнь” куни деб бошланувчи “эртак” асосида тинтув ўтказгани дилни хира қилди. Ахир видеотасвир алдамайди, қўлда гипс йўқлиги кўринганди. Қолаверса, синиқ қўл билан қандай қилиб урганини сўрашмадимикан? Бугунги тинтувдан кўзланган аниқ мақсадни тушунолмадим. Ёки халқнинг муаммоларини кўтариб чиққанимиздамикан асосий муаммо?

Ҳолат бўйича терговчи Д.Поёнов билан суҳбатлашишга уриниб кўрдик. Бироқ у киши ИИБ ходимларининг муомала одоби талабларига амал қилмасдан, қўполлик билан журналистга нима сабабдан тинтув қилганини ҳам, қайси қонунга асосан маълумот беролмаслигини ҳам, маълумот олиш учун кимга мурожаат қилиш лозимлигини ҳам тўғри тушунтирмасдан кетиб қолди.

Кетиб қолишига сабаб, балки қатъий карантинда кўпчилик бўлиб тинтувга талаб даражасида ниқобланмасдан келганлигими, тергов иши очилгани муддати чўзилиб кетаётганлигими, тинтув пайтида тасвирга олиш аппарати қуввати тугаб қолганими, очиғи билолмадик.

Бизга ушбу тергов иши тезроқ адолатли ўрганиб чиқилиши, адолат қарор топиши муҳим. Ўйлаймизки, блогерлик фаолиятининг ушбу тинтувга умуман алоқаси йўқ. Зеро, ҳар ким эркин маълумот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга! Қолаверса, ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович эркин ва адолатли фикрни қўллаб-қувватламоқда!

Ички ишлар вазирлиги мутасадди раҳбарлари ушбу ҳолатни ўз назоратига олишса мақсадга мувофиқ бўларди!

Ўролжон Камолов,
«Nasafnews» мухбири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1