1

Сенат: Хорижда 103 мингдан зиёд Ўзбекистонга қайтиш истагидаги фуқаролар бор

ЖАМИЯТ 07.08.2020, 21:39
Сенат: Хорижда 103 мингдан зиёд Ўзбекистонга қайтиш истагидаги фуқаролар бор

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Коронавирус пандемияси шароитида Ташқи ишлар вазирлиги ўз функционал вазифалари доирасида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 11 мингдан ортиқ фуқаромизга моддий ёрдам кўрсатиш, 95 мингдан ортиқ фуқароларни Ўзбекистонга қайтариб келиш, шунингдек, мамлакатимиздаги 7 мингдан ортиқ хорижий фуқароларни ўз ватанига юбориш тадбирларига ҳисса қўшди.

Ахборотда келтирилишича, пандемия даврида хорижий давлатлардан 117 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар юртимизга олиб келинди. Шу билан бирга, ҳозирги кунда хорижий мамлакатларда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган 103 минг нафардан ортиқ фуқаромиз бор. Уларнинг асосий қисми Россияда 93 минг нафар, Туркияда 7 минг нафар ва бошқа давлатларда ҳам фуқароларимиз ватанга қайтиш истагини билдирган.

Шу билан бирга, хорижий давлатларда қийин аҳволда қолган 45 мингдан ортиқ фуқароларимизга ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2020 йил бошидан буён мамлакатимизга 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиниши муҳим аҳамият касб этди.

Шу билан бирга, ўрганишлар жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камичиликлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, экспортни рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида республика ҳудудларига амалий кўмак бериш, жойларда тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги билим ва малакасини ошириш ҳамда меҳнат миграцияси муаммоларини ҳал қилишдаги фаолияти етарли самара бермаяпти.

Хорижий давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятлар мутасаддилари учун ўқув машғулоти ва тренинглар тизими шу кунгача йўлга қўйилмаган. Ҳудудлардан тушаётган маълум лойиҳалар ва инвестицион таклифлар жавобсиз қолмоқда.

Вазирликнинг чет эллардаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли кўмак ва сиффатли консуллик хизматларини кўрсатишнинг амалдаги тартиби жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ижтимой тармоқлардаги кўплаб хабарларни бунга мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1